Киевдаги болалар шифохонасига ҳужум ортидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши чақирилди
Олам
−
09 Июль
4656Буюк Британия, Франция, Эквадор, Словения ва АҚШ БМТни ташкилотнинг Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини ўтказишга чақирди. Бу ҳақда “AlJazeera” хабар берди.
Кеча, 8 июль куни Россиянинг ракета зарбалари Украина шаҳарларидаги асосий нишонларга, жумладан Киевдаги болалар шифохонасига тегди. Оқибатда кўплаб одамлар қурбон бўлди. Энг йирик болалар тиббиёт маркази ҳамда бутун мамлакат бўйлаб кўплаб касал болаларни даволашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган Киевдаги Охматдет шифохонаси ўққа тутилиши сабабли Франция ва Эквадор Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини чақиришни талаб қилди. Бу эса Словения, АҚШ ва Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланди.
“Биз Хавфсизлик Кенгашида Россиянинг кеча тунда шифохонага қўрқоқ ва ғайриинсоний ҳарактердаги ҳужумини қоралаймиз”, деган Буюк Британиянинг БМТдаги доимий вакили Барбара Вудворд ўзининг Х саҳифасида.
Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши бугун, 9 июль куни фавқулодда йиғилиш ўтказиб, болалар шифохонасига ракета ҳужуми ва Украинанинг бошқа шаҳарларини Россия томонидан ўққа тутилишини муҳокама қилади.
Украинага қилинган ҳужум оқибатида камида 33 киши ҳалок бўлди, яна 140 киши яраланди. Киевда эса 27 киши қурбон бўлди, яна 82 киши жароҳат олди. Охматдет болалар шифохонасида эса 2 киши ҳалок бўлди ва яна 10 киши яраланди.
Украина Президенти Владимир Зеленский оғир касаллик билан курашаётган болалар шифохонасига берилган зарбани Кремлнинг жиннилиги, дея таърифлаган.
Украина хавфсизлик хизматига кўра, Россия шифохонани X-101 стратегик қанотли ракетаси билан урган. Буни воқеа жойидан топилган ракета парчаларининг фотосуратлари, жумладан ракета корпусининг серия рақами ёзилган қолдиқлар ҳам исботлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларига ракета ва дрон билан ҳужум қилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси