Хорватия 18 нафар россиялик дипломатни ҳайдади
Олам
−
11 Апрель 2022
4184Хорватия Россия элчихонасининг 18 нафар дипломати ва 6 нафар маъмурий ходимини мамлакатдан чиқариб юборишини эълон қилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Хорватия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини ва бошқа кўплаб жиноятларини қаттиқ қоралаган. Шунингдек, Москвани ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, қўшинларни Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетиш, аҳолини зудлик билан эвакуация қилиш ва гуманитар ёрдам етказилишини таъминлашга чақирган.
Россиянинг Хорватиядаги элчихонаси мамлакат ТИВ ходимларининг айримларини четлаштиришни талаб қилганини тасдиқлади.
“Биз элчининг (Андрей Нестеренко) ТИВга чақирилганини ва бир қанча россиялик дипломатларни мамлакатдан олиб чиқиш талаби билан нота олганини тасдиқлаймиз”, деган дипломатик миссия РИА Новостига.
Маълумот учун, 2022 йил бошидан буён хорижий давлатлар 400 дан ортиқ турли даражадаги россиялик дипломатик ходимлар чиқариб юборилганини эълон қилди. Уч ойдан сал кўпроқ вақт ичида давлатлар сўнгги 17 йилдаги жами кўрсаткичдан кўпроқ россиялик дипломатларни чиқариб юборди. Хусусан, 2004 йилдан 2021 йилгача 364 киши хорижий давлатлардан чиқариб юборилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь