Хитойда 40 йил ичида илк бор пенсия ёши оширилади

Олам

image

Демографик муаммолар туфайли Хитой 40 йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта пенсия ёшини оширмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (парламент) доимий қўмитаси мамлакат аҳолисининг пенсия ёшини бир неча йилга оширишга қарор қилди. 2025 йил 1 январдан бошлаб 15 йил давомида пенсия ёши эркаклар учун 60 ёшдан 63 ёшгача, заводда ишловчи аёллар учун 50 ёшдан 55 ёшгача ва давлат хизматидаги аёллар учун 55 ёшдан 58 ёшга кўтарилади. Таъкидланишича, ушбу чора Хитойнинг демографик ривожланишидаги янги вазиятга мослашувни таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, 2030 йилдан бошлаб ишчилар пенсия тўловларини олиш ҳуқуқига эга бўлишлари учун пенсия ҳисобварақларига кўпроқ пул ўтказишлари керак бўлади – 15 эмас, 20 йил.

Бу ҳаракат ишчи кучининг пасайишини секинлаштириши ва дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётга оғирлик қилаётган пенсия юкини енгиллаштириши керак, аммо иқтисодиёт секинлашгани сабабли аҳолининг норозилигини ошириш хавфи мавжуд. Хитой ижтимоий тармоқларида аллақачон ғазаб кучайган.

Маълумот учун, XX асрнинг 70 йилларидан бошлаб Хитой ҳукумати “бир оила, бир бола” сиёсатини олиб борди, бироқ туғилиш даражасининг тез пасайиши ва аҳолининг қариши туфайли расмийлар чекловларни юмшатишга мажбур бўлди. 2022 йилда мамлакат аҳолиси сўнгги олтмиш йил ичида биринчи марта камайишни бошлади. Тахминларга кўра, 2035 йилга келиб Хитойда 60 ёшдан ошган фуқаролар улуши 30 фоиздан кўпроқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хорижликларга Хитойдан бола асраб олиш тақиқланиши хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой пенсия ёши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made