Хитой ва Россия Тинч океанида денгиз патрули ўтказади
Олам
−
26 Июль 2023
5288Хитой Халқ-озодлик армияси ва Россия Федерацияси ҳарбий-денгиз кучлари яқин кунларда Тинч океанининг ғарбий ва шимолий қисмларида биргаликда патруль хизматини ўтказади. Бу ҳақда бугун, 26 июль куни Хитой Халқ Республикаси Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик сайтидаги баёнотга кўра, патруль учинчи томонларга қарши қаратилган эмас, шунингдек, ҳозирги халқаро ва минтақавий вазиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ. У Хитой ва Россия ҳарбийлари ўртасидаги йиллик ҳамкорлик режасига мувофиқ амалга оширилади.
АҚШ Миллий Мудофаа Университети маълумотларига кўра, ўтган йили Россия ва Хитой 20 йил ичида энг кўп қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказган. Томонлар олтита қўшма машғулотлар ташкил этган бўлса, улардан бештаси февраль ойида Украинада уруш бошланганидан кейин бўлиб ўтган.
Маълумот учун, жорий йилнинг июль ойи бошида Хитой Мудофаа вазири Ли Шанфу Пекинда Россия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони адмирал Николай Евменов билан учрашган. Ли Шангфу ҳар икки томоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги муносабатлар янада чуқурлашиб, мустаҳкамланиб боришини таъкидлаган. Шунингдек, у барча даражадаги алоқаларни мустаҳкамлашга умид билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20-23 июль кунлари ҳам Япон денгизида Россия-Хитой ҳарбий-денгиз кучларининг “Шимол/Ўзаро ҳамкорлик-2023” қўшма машғулотлари бўлиб ўтганди. Машқларда Россиядан Тинч океан флотининг йирик сув ости кемаларига қарши “Адмирал Трибуц” ва “Адмирал Пантелеев” кемалари, “Россия Федерацияси Қаҳрамони Алдар Циденжапов” ва “Момақалдироқ” корветлари, шунингдек, ёрдамчи кемалар қатнашди. Хитой томонида “Цицикар" ва "Гуйян" эсминецлари, "Цзаочжуан" ва "Жичжао" патруль кемалари, шунингдек, “Тайху” бирлаштирилган таъминот кемаси иштирок этди. 24 июль куни Хитой кемалари Владивосток портига кирди.
LiveБарчаси