Хитой коронавирус устидан ғалаба қозонди. У бунга қандай эришди?

Олам 9831
image

Дунёда коронавирус пандемияси кенг тарқалиб бормоқда. Ушбу касаллик "ватани" бўлмиш Хитой аллақачон вирус устидан ғалаба қилиш арафасида. Карантин учун ёпилган Ухань шаҳрида ҳам тез кунларда яна одатий ҳаёт тарзи бошланади. Хитой бу натижага қандай эришди? Бошқа давлатлар Хитойдан нималарни ўрганиши керак? Россиялик профессори Алексей Маслов Хитойнинг ушбу вирус билан қандай курашгани ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Масловнинг таъкидлашича, Хитой, аввалига, коронавируснинг илк тарқалиш босқичини ўтказиб юборди. Аммо жорий йилнинг 8 январь куни бу жуда жиддий касаллик эканлиги маълум бўлгач, мамлакат карантин чораларини кўришни бошлади. Биринчидан ёрдам берган нарса воқеаларга жуда тез реакция қилиш эди. Бу Хитойни бошқа давлатлардан ажратиб турадиган жиҳати ҳисобланади.

Муваффақиятнинг яна бир сабаби, Хитой маъмурлари Уханни бутунлай беркитиб қўйгани ва карантин талабларига қатъий риоя қилинганлигидир. Масловнинг сўзларига кўра, аҳоли пунктлари ёпилиши муносабати билан, Хитой ҳукумати COVID-19 тарқалишига қарши курашишда муҳим чораларни кўрди, аниқроғи, имкон қадар аҳолини зарур нарсалар билан таъминлади. Талабалар ва ўқувчилар онлайн дарсларини давом эттириши учун интернетни имкон қадар тезлаштирди. Озиқ-овқат карантиндаги шаҳарларга узлуксиз етказиб берилди. Дўкон пештахталари доим тўла турди. Расмий равишда ёпиқ бўлган кўплаб ресторанлар ўз маҳсулотларини етказиб беришга ўтди. Уларнинг кўпчилигида ўз иловалари борлиги бунга ёрдам берди.

Унинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати иш жойларида фаолият юрита олмайдиган, кичик ва хусусий корхоналарга суғурта бадалларини қайтарган, бундай корхоналарни ҚҚС тўлашдан озод қилган. Деярли барча ишчиларга стандарт маош тўланишини кафолатлаган. Бундан ташқари, Масловнинг сўзларига кўра, Хитой расмийлари коронавирус билан боғлиқ ваҳима миш-мишлар ва сохта нарсаларни тезда йўқ қилган.

Жорий йилнинг 23 январидан бошлаб, Ухань шаҳри коронавирус тарқалиши сабабли ташқи дунёдан ажратилди. Метро, автобуслар, микроавтобуслар ва сув транспорти ҳаракатланиши бутунлай тақиқланди. Аэропорт ва темир йўл станциялари беркитилди. Шаҳар атрофида ҳаракатланиш тартиби ҳам қатъий чекланди.

Юқорида таъкидланган барча чоралар ёрдамида Хитой коронавирусни жиловлай олди. Ҳозирда мамлакатда коронавирус ҳолатларининг қайд этилиши кескин камайган. Статистикага мурожаат қилсак, касалланиш билан боғлиқ янги ҳолатлар, асосан, хориждан Хитойга келган одамларда аниқланмоқда. 

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида ҳам коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди, шаҳарга кириб-чиқиш чекланди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудидаги бозорлар фаолияти тўхтатилди. Uzbekistan Airways авиакомпанияси ички парвозларни тўхтатди. Ҳозирда карантин қоидалари кучайтириб борилмоқда.

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 348
Рейтинг: 2.9
t
×