Хавфли маҳсулотларни бозордан олиб ташлашнинг ягона тартиби жорий этилади

Local

image

Жорий йилнинг 8 август куни Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида “Бозор назорати тўғрисида”ги Қонун маъқулланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.

Қайд этилишича, амалдаги тартибда бозорда хавф туғдириши мумкин бўлган ноозиқ-овқат маҳсулотларини аниқлаш, уларни муомаладан чиқариш ва бу борада ваколатли давлат органларининг ҳамкорлигини тартибга солувчи алоҳида қонун мавжуд эмас.

Янги қонун билан бозор назоратини амалга оширишнинг асосий принциплари, ваколатли давлат органлари ва иқтисодий операторларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, назорат тадбирларини ўтказиш тартиби ва таъсир чораларини қўллашнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.

Шунингдек, бозор назоратини хавф-хатарларни баҳолаш асосида ташкил этиш, назорат харидларини амалга ошириш ва маҳсулотларни лаборатория синовларидан ўтказиш механизмлари жорий этилмоқда. Хавфли деб топилган маҳсулотларни муомаладан чиқариш ва чақириб олиш, шунингдек, бу ҳақда истеъмолчиларни тезкор хабардор қилиш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Қонунда тадбиркорларнинг ҳуқуқларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Улар бозор назорати тадбирларида иштирок этиш, назорат материаллари билан танишиш, аудио ва видеоязувларни амалга ошириш ҳамда ваколатли органлар қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши ички бозорда фақат хавфсиз ва белгиланган талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар муомалада бўлишини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ва давлат назоратининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини оширишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этишни назарда тутувчи қонун маъқуллангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends