Коммунал хўжалиги ходимлари учун янги унвон таъсис этилди
Local
−
09 August 1591 1 minute
Кеча, 8 август куни Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этишни назарда тутувчи қонун маъқулланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Қонун билан амалдаги “Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим” фахрий унвони ўрнига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш белгиланмоқда.
Мазкур фахрий унвон коммунал хўжалиги соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган, кўп йиллик самарали меҳнати, юксак касбий маҳорати, ташаббускорлиги ва фидокорлиги билан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини оширишга алоҳида ҳисса қўшган ходимларга берилади.
Шунингдек, Қонун билан янги фахрий унвон кўкрак нишонининг тавсифи ҳам тасдиқланмоқда. Унда коммунал хўжалиги соҳасининг ўзига хос хусусиятларини ифодаловчи рамзлар акс эттирилган.
Сенаторларга кўра, мазкур унвоннинг таъсис этилиши коммунал хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни рағбатлантириш ҳамда касбий нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида болага отасининг исмини фамилия сифатида бериш имкониятини назарда тутувчи қонун маъқуллангани ҳақида хабар берилган эди.