Халқаро индексда “позор” бўлган Ўзбекистон, Жаҳон чемпиони бўлган Достон Ёқубов, касбини ўзгартираётган Маск... Бугун нималар бўлди?
Таҳлил
−
10 Декабрь 2021
21307Жамият
Бозорларда картошка ва сабзи қимматлашди
Ўзбекистондаги марказий деҳқон бозорларида картошка 3 000 – 7 500 сўмдан, сабзи эса 1 000 – 5 500 сўмдан сотилмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳудудлардаги марказий деҳқон бозорларида ўтказган кузатув натижалари бўйича маълум қилди.
Унга кўра, алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархлари эълон қилинган.
Ўзбекистон бош арчаси қаерга ўрнатилиши маълум бўлди
Жорий йилда Ўзбекистоннинг энг баланд саналган бош Янги йил арчаси “Янги Ўзбекистон” боғида ўрнатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, байрам тантаналарини нишонлаш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.
“Байрам тадбирларига жуда пухта тайёргарлик кўрилмоқда. 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган меҳмонлар ва сайёҳлар кайфиятини кўтариш учун ҳар хил кўнгилочар дастурлар, савдо ярмаркалари ташкил этилади.
Боғда, шунингдек, муз майдони ҳам ташкил қилинади. Унда хавфсизлик таъминланади — катталар ҳам, болалар ҳам бемалол учиб, хурсанд бўлиб кетиши мумкин”, дейди “Янги Ўзбекистон” боғи маъмурияти вакили Илмира Сагдиева.
Қонунчилик палатаси Президент фармонини бажармаяпти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши белгиланганди.
Аммо парламент қуйи палатаси мана иккинчи марта Президент фармони ижросини таъминлаяпти.
Гап шундаки, бугун, 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Бироқ мажлис жонли эфирга узатилмаяпти. Аниқроқ айтадиган бўлсак, депутатлар йиғилиши дастлаб “Uzreport” телеканали орқали жонли эфирга узатилди, аммо кўп ўтмай, бутун баландпарвоз гаплар айтиб бўлингач, тўхтатиб қўйилди. Қарийб 49 дақиқа давом этган жонли эфирда депутатлар бирорта масалани кўрмади.
“Позор”. Халқаро мулк дахлсизлиги индексида Ўзбекистон охирги қатордан жой олди
Американинг “The World Justice Project” ташкилоти томонидан эълон қилинувчи "Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик" рейтингида Ўзбекистон 139 та давлат ичида 138-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.
“The World Justice Project” халқаро ноҳукумат ташкилоти 2021 йил ҳисоботини эълон қилган. Ташкилот томонидан юритиладиган "Ҳуқуқ устуворлиги" индексининг "Қонунларга риоя қилиш" индикаторининг "Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслиги" субиндикаторида Ўзбекистон максимал 1 баллдан 0,25 балл билан 139 та мамлакат ичида 138-ўринни эгаллаган.
Олам
Мексикада трейлер ағдарилиши оқибатида 50 га яқин одам ҳалок бўлди
Мексиканинг Чиапас штатида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида 49 киши ҳалок бўлди, яна 58 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда штат маҳаллий ҳокимяти хабар бермоқда.
Чиапас штати фуқаролик муҳофазаси агентлиги раҳбари Луис Мануэл Гарциянинг маълум қилишича, Лотин Америкасидан 100 дан ортиқ муҳожирни олиб кетаётган трейлер кескин бурилишда ағдарилиб кетган. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.
Археологлар 1900 йил аввал яшаган қулнинг қолдиқларини ўрганиб, муҳим кашфиёт қилди
Олимлар 2017 йилда Англиянинг Фенстантон (Кембрижшир) қишлоғида топилган қул қолдиқларини ўрганиб чиқиб, даҳшатли кашфиёт қилишди. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар бермоқда.
Бир неча йил олдин археологлар Англиянинг Фенстантон (Кембрижшир) қишлоғидан бўйи 170 см, 25-35 ёшли, товонига темир мих қоқилган одам скелетини топганди. Аниқланган маълумотларга кўра, бу одам эрамизнинг 130-337 йиллари орасида Рим империяси ҳукмронлиги даврида (ҳозирги Англия ҳудудида) яшаган.
Илон Маск касбини ўзгартирмоқчи
Америкалик миллиардер Илон Маск ўз касбини ўзгартириб, блогерлик фаолиятини бошлаш ҳақида бош қотиряпти. Бу ҳақда миллиардер бугун, 10 декабръ куни ўз Twitter саҳифасида ёзиб қолдирган.
Ижтимоий медиа платформасининг таниқли фойдаланувчиси бўлган Илон Маск касбини тарк этишга жиддий ёндашаётгани аниқ эмас.
“Мен ишимни ташлаб, инфлюенсер блогер бўлиш ҳақида ўйлаяпман. Сиз қандай фикрдасиз?”, деб ёзади у.
Россияда меҳнат мигрантлари қанча маош олади?
Россияда ишловчи мигрантларнинг ўртача маоши 47 минг рублни ташкил этади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграция агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Мигрантлар федерацияси ва Ломоносов номидаги Москва давлат университети томонидан меҳнат мигрантлари ўртасида сўровнома ўтказилди.
Ушбу сўровнома натижаларига кўра, меҳнат мигрантларининг ўртача ойлик маоши 47 100 рублни ташкил этади.
АҚШ хавфсизлик кучлари 4 нафар ўзбекистонликни қўлга олди
Америка Қўшма Штатлари чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётган 4 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШнинг Аризона штатида тўрт нафар ўзбекистонлик Мексикадан ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтаётган вақтда Америка хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган.
Хабарга кўра, улар Туркиядан Мексикага ва ушбу давлатдан Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк ҳамда Филадельфия шаҳарларига бориш мақсадида бўлган.
Спорт
“Футбол қироли” кимётерапия текширувидан ўтди
“Футбол қироли” Эдсон Арантис ду Насименту (Пеле) мунтазам текширувлар чоғида аниқланган ўсимтани кимётерапия билан даволаш учун жорий ҳафта бошида Алберт Эйнштейн шифохонасига ётқизилган эди. Бразилия терма жамоаси сафида уч карра Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган У ўзининг Instagram саҳифасида саломатлиги ҳақида маълумот берди ва охирги марта 2021 йилда кимётерапия курсини ўтказгани ҳақида ёзиб қолдирди.
“Дўстлар, 30 сентябрдан бошлаб, мен касалхонадан чиққанимдан бери, даволанишим доирасида кичик кимётерапия сеансларини ўтказганимни биласиз. Бугун Алберт Эйнштейн касалхонасида 2021 йилдаги охирги кимётерапия сеансимни ўтказяпман. Мен ушбу муваққиятни сиз билан баҳам кўрмоқчи эдим. Ахир, ҳар бир кичик ғалаба байрамга сабаб бўлади, шундай эмасми? Мен фурсатдан фойдаланиб, яна бир нечта имтиҳонлардан ўтишимни, шунинг учун бу ерда бир неча кун қолишимни айтиб ўтмоқчиман. Ҳавотирга тушманг, байрамга тайёрланяпман”, дейди Пеле Насименту.
Мадримов, Ғиёсов ва Мелиқўзиев Тошкентга қайтиб келди
Бугун, 10 декабрь куни ўзбекистонлик профессионал боксчилар – Исроил Мадримов, Шахрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев Тошкентга етиб келди. Улар тайёргарликни АҚШда давом эттираётган эди.
Ушбу боксчилар жорий йилнинг 17 декабрь куни “Matchroom Boxing” компанияси томониданТошкентда ўтказиладиган профессионал бокс оқшомида рингга кўтарилади.
Кечанинг марказий жангида Исроил Мадримов (7-0-0) франциялик Мишель Сорога (35-2-1) қарши баҳс олиб боради. Айни пайтда Мишель Соро WBA рейтингида биринчи, Исроил Мадримов эса 2-поғонани эгаллаб турибди. Ғолиб боксчи чемпионлик жанги учун мажбурий даъвогарга айланади.
Тошент – 2021: Достон Ёқубов Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди
Бугун, 10 декабрь куни Тошкентда давом этаётган оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионатининг 4-кунида эркаклар ўртасида 67 кггача бўлган вазнли атлетлар ўртасида финал беллашуви ўтказилди ва унда ўзбекистонлик Достон Ёқубовга тенг келадиган рақиб топилмади. Кумуш медални Колумбия вакили Валенсия Москера, бронзани эса Россия оғир атлетика федерацияси спортчиси Зуфат Гараев қўлга киритди.
Ушбу вазн тоифасида Ўзбекистон номидан Достон Ёқубов ва Адҳамжон Эргашев супачага кўтарилди. Даст кўтариш баҳсларида 144 кгни ўзига бўйсундирган Достон Ёқубов миллий жамоа ҳисобига мундиалдаги илк (кумуш) медални ёзиб қўйди. Кичик олтин медал эса Россия оғир атлетика федерацияси вакили Зуфат Гараев, кичик бронза эса покистонлик Толиб Талҳага насиб этди.
LiveБарчаси