Қонунчилик палатаси Президент фармонини бажармаяпти
Жамият
−
10 Декабрь 2021
8648Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши белгиланганди.
Аммо парламент қуйи палатаси мана иккинчи марта Президент фармони ижросини таъминлаяпти.
Гап шундаки, бугун, 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Бироқ мажлис жонли эфирга узатилмаяпти. Аниқроқ айтадиган бўлсак, депутатлар йиғилиши дастлаб “Uzreport” телеканали орқали жонли эфирга узатилди, аммо кўп ўтмай, бутун баландпарвоз гаплар айтиб бўлингач, тўхтатиб қўйилди. Қарийб 49 дақиқа давом этган жонли эфирда депутатлар бирорта масалани кўрмади.
Қонунчилик палатаси ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.
Унда билдирилишича, “Uzreport” телеканали аввалдан режалаштирилган Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатини соат 11:00 дан бошлаб эфирга узатиш мақсадида Қуйи палата мажлисини эфирга узатишни тўхтатган.
“Парламент қуйи палатаси мамлакатимизда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилади”, дейилади қуйи палата муносабатида.
Бироқ Президент фармонида қарор ижросига Миллий телерадиокомпанияси ва Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси масъул этиб белгиланган. Яъни Қонунчилик палатаси мажлиси “Uzreport” телеканалида эмас, давлат каналларидан бирида эфирга узатилиши керак.
Бундай ҳолат биринчиси эмас. Жорий йилнинг 7 декабрь куни парламент қуйи палатасида “Ҳукумат соати” бўлиб ўтганди. У ҳам жонли эфирга узатилмаганди. Ҳолат эътирозларга сабаб бўлгач, қуйи палата матбуот котиби мажлисдаги барча маълумотлар сайтда эълон қилиб борилаётганини айтиб, қутулганди.
Аммо фармонда барчаси аниқ кўрсатилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси уни бажармаяпти.
LiveБарчаси