Хакерлар Бразилия банкларидан 140 млн доллар ўмарди

Олам

image

Хакерлар Бразилиянинг олти банкидан тахминан 140 миллион доллар ўғирлади. Бу ҳақда “Globo” хабар берди.

Маълум қилинишича, улар бу жиноятни C&M номли IT компаниясининг ходими орқали амалга оширган. Ушбу компания Бразилия Марказий банки билан молиявий муассасалар ўртасидаги алоқа тизимларини ишлаб чиқади.

Воқеа 2025 йилнинг 30 июнь куни содир бўлган. Хакерлар компания ходимини пора билан алдаб, унинг махфий тизимларга кириш учун керакли ҳисоб маълумотларини олган. Ходим дастлаб ўз ҳисоб маълумотларини тахминан 920 долларга сотган, сўнгра Notion платформаси орқали хакерларнинг кўрсатмаларига амал қилиб, тизимда зарурий ҳаракатларни бажарган ва бунинг эвазига яна 1850 доллар олган.

Ушбу махфий тизим орқали хакерлар Бразилия Марказий банки билан боғланган инфратузилмага кириб, йирик миқдордаги пул ўзлаштирган. Энг кўп зарар кўрган банклардан бири 100 миллион доллар йўқотган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учта алоҳида терговни олиб бормоқда, бироқ ҳозирча хакерлар ҳақида тўлиқ маълумот берилмаган.

Ходим ўз фаолиятини яширишга ҳаракат қилган, у ҳар 15 кунда телефонини алмаштирган, лекин 3 июль куни Сан-Паулуда ҳибсга олинган. Хакерлар ўғирланган пулларнинг 30-40 миллион долларини криптовалюталарга – BTC, ETH ва USDT’га айлантиришга улгурган. Бу маблағлар турли криптобиржалар ва махфий платформалар орқали ўтказилган.

Маълумотларга кўра, ҳужум Бразилияда кенг қўлланадиган ва аҳолининг 76,4 фоизи фойдаланувчи бўлган PIX тезкор тўлов тизимига ҳам зарар етказган. C&M компаниясининг баёнотида уларнинг ахборот тизими заиф бўлмагани, хакерлар фақат ижтимоий муҳитдан фойдаланиб, одамни алдаш орқали ҳужум уюштирганини таъкидланган. Шунингдек, компания хавфсизлик тизими бу ноқонуний киришни аниқлашда муҳим роль ўйнаганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея хакерлари Bybit криптобиржасининг расмий аккаунти – Ethereum ҳамёнларидан қарийб 1,5 миллиард долларни ўмарганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк Хакерлар Бразилия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг