Хакерлар АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг йирик платформасини бузиб кирди

Олам

−

visibility846 timer3 дақиқа

image

Хакерлар АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг йирик булутли ҳисоблаш платформаси – Cloud One’га бузиб кирди. Ҳужум ҳарбий операциялар, шахсий таркиб ва логистика билан боғлиқ катта ҳажмдаги махфий маълумотларни хавф остида қолдирган. Бу ҳақда воқеадан хабардор манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Манбаларнинг айтишича, тизимга рухсатсиз кириш ҳолати сўнгги бир ой ичида, платформани янгилаш ишлари давомида аниқланган. Шундан сўнг Cloud One фаолиятида бир қатор узилишлар юзага келган. Ҳозирча хакерларнинг кимлиги, ҳужум кўлами ва бирор маълумот ўғирланган-ўғирланмагани аниқланмаган.

2017 йилда ишга туширилган Cloud One АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг ахборот технологиялари билан боғлиқ эҳтиёжларини ягона платформада бирлаштириш учун яратилган. Microsoft, Amazon, Oracle ва Alphabet компаниялари ресурсларидан фойдаланадиган тизим ҳарбий хизматчиларнинг шахсий маълумотлари ва маошларини бошқариш, логистика ҳамда техник хизмат кўрсатиш каби йўналишларда ишлатилади.

Платформадаги дастурлардан бири Шимолий Америка бўйлаб ҳаво ҳужумидан мудофаа радарларидан келадиган маълумотларни бирлаштиради. Яна бир тизим эса АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг дунё бўйлаб 200 дан ортиқ манзилидаги бомба ва ракеталарни кузатиб боради.

Ҳужум аниқланганидан кейин платформадаги бир қатор ишлар тўхтатилган. Хусусан, бошқа ҳарбий иловаларни Cloud One’га кўчириш жараёни тўхтатиб қўйилган, платформада ишлаётган дастурларни янгилаш ҳам блокланган. Оқибатда Ҳарбий-ҳаво кучлари ходимлари иловалардаги носозликларни бартараф этиш учун зарур тузатишларни кирита олмай қолган. Айрим фойдаланувчиларнинг администратор ҳуқуқлари ҳам бекор қилинган.

“Reuters” манбаларидан бирининг айтишича, хакерлар дастурий таъминотдаги заифликдан фойдаланиб, тизимнинг бошқарув қатламига кирган. Бу қатламга кириш назарий жиҳатдан ҳарбий самолётларнинг ишлаш ҳолати ёки эҳтиёт қисмлар ҳаракатини кузатиш имконини бериши мумкин. Бироқ хакерлар бундай маълумотларга кирган-кирмагани номаълум.

Ҳужум оқибатларини баҳолаш учун АҚШ армиясининг киберхавфсизлик бўйича махсус тузилмаси – Cyber Command ҳам текширувга жалб қилинган.

Маълумотларга кўра, Cloud One АҚШ ҳарбийларининг энг йирик булутли платформаларидан бири ҳисобланади. Тизим 2026 йилгача SAIC компанияси томонидан бошқарилган, кейинчалик бу вазифани Leidos компанияси ўз зиммасига олган.

Мазкур ҳужум АҚШ ҳукуматига қарши сўнгги вақтларда ошкор бўлган бошқа киберҳужумлар ортдан юз берди. Улар орасида Федерал тергов бюроси билан боғлиқ иккита ҳодиса, Пентагон маълумотларига қилинган ҳужум, Ички хавфсизлик вазирлиги ходимларига оид маълумотларнинг сизиб чиқиши, камида иккита разведка идорасига таъсир қилган киберҳужум ҳамда Молия вазирлиги тизимига бузиб кириш ҳолати бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШдаги бир қатор йирик банклар мижозлари ҳисобварақларидаги маблағларни кўриш ва пул ўтказмаларини амалга оширишда муаммоларга дуч келган эди. Носозликлар JPMorgan Chase, Bank of America, Wells Fargo, Capital One ва Citibank хизматларига, шунингдек, Zelle пул ўтказмалари тизимига таъсир кўрсатган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг