Касб-ҳунар мактаби 403 млн сўмлик давлат харидини қонунга зид амалга оширмоқчи бўлди
Жамият
−
11 Сентябрь
1840Оҳангарон шаҳар касб-ҳунар мактаби буюртмачилигида жорий йилнинг август ойида иситиш тизимини таъмирлаш учун зарурий маҳсулотлар харид қилиш бўйича ўтказилган 403 млн сўмлик давлат харидида қонунбузилишларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сапаров маълум қилди.
Харид комиссиясининг баённомаси билан танловда иштирок этган 5 нафар иштирокчидан “Global Trade Stroy Servic”МЧЖ танлов ғолиби, “Озод Завқли Барака” МЧЖ эса захирадаги ғолиб деб топилган.
Ўрганишларда ушбу харидда Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси (Баҳолаш мезонларига ва тартиб-таомилларига тааллуқли қоидалар), 61-моддаси (Танлашни ўтказиш) талабларига зид тарзда баҳолаш жараёнида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги маълум бўлган.
“Қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан юборилган агентликнинг тақдимномаси асосида харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомаси бекор қилиниши таъминланиб, давлат хариди қонунга хилоф равишда ўтказилишининг олди олинди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ "Nukus xalqaro aeroporti” МЧЖ Давлат харидлари портали орқали амалга оширган 120 000 000 сўмлик танлов савдоларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари” ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлар талабларига риоя қилмаганлиги аниқланганди.