Карим Масимовнинг ҳашаматли саройи аукционга қўйилди
Олам
−
25 Февраль 7330 2 дақиқа
Давлатга хиёнатда айбланган Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Карим Масимовнинг ҳашаматли уйи кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда “Orda.kz” хабар берди.
Икки қаватли уй Остонанинг нуфузли Нура туманида жойлашган. Мулкнинг майдони деярли 3 минг квадрат метрни, унинг атрофидаги майдони эса 1,2 гектарни ташкил қилади. Шунингдек, иккита хавфсизлик назорати пункти ва рўйхатдан ўтмаган гараж мавжуд.
Нашр хабарига кўра, Карим Масимовдан 2022 йил мартида ҳашаматли буюмлар мусодара қилинган. Бош вазир сифатида у бизнес тузилмаларидан биридан пойтахтда жойлашган қиймати қарийб 2,5 миллиард тенге (64 млрд 625 млн сўм) бўлган меҳмон уйи ва ер участкасини олган. Текширув давомида терговчилар 17,2 миллион доллар нақд пул, шунингдек, қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалари, қимматбаҳо автомобиллар ва антиқа буюмларни топган.
Карим Масимов саройида дискотека, саҳна, уй кинотеатри, бильярд хонаси, сауна, бассейн ва караоке мавжуд. Уй билан бирга 27 дона кофе столи, 27 та қимматбаҳо сурат, 36 дона чироқ, 9 дона қандил, 64 дона прожектор, турли ҳайкалчалар, вазалар, соатлар, эсдалик совғалари, мебель ва маиший техника воситалари сотилмоқда.
Уй 631 миллион тенгега (16 млрд 311 млн сўм) , ер участкаси эса 893,5 миллионга (23 млрд сўм) баҳоланган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимов 2022 йилда январь воқеаларида давлатга хиёнат қилишда гумонланиб ҳибсга олинган ва кейинроқ айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Тергов ва суд жараёнида шов-шувли иш бўйича айбланувчиларнинг қимматбаҳо мол-мулки давлат даромадига айлантирилган – 10 миллиард тенге ва 24 миллион доллар.
Масимов икки марта Қозоғистон бош вазири лавозимида ишлаган. Ўтган йили у афв сўраган, аммо Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Амнистия комиссияси томонидан рад этилган.