Капитандан генералгача. Украинадаги урушда Россиянинг қанча ҳарбийси қурбон бўлди?
Олам
−
21 Март 2022
15155Украинада давом этаётган урушда 557 нафар рус аскари ҳалок бўлди. Уларнинг исмлари аллақачон тасдиқланган. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Россияда ўлгани тасдиқланганлар орасида 1 нафар генерал-майор, 7 нафар полковник, 1 нафар биринчи даражали капитан, камида 9 нафар подполковник, 20 нафар майор ва 70 нафардан ортиқ кичик офицер бор.
Расмий тан олинган йўқотишлар рўйхатига ўнлаб парашютчилар, ГРУ махсус кучларининг 7 вакили, Россия гвардияси махсус кучларининг бир нечта жангчилари, шунингдек камида 8 учувчининг исми киритилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 март куни – биринчи марта Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги урушда ҳалок бўлганлар ҳақида хабар берган эди. Ўша пайтда Мудофаа вазирлиги 498 аскар ҳалок бўлганини даъво қилган. Орадан мана 18 кун ўтди ҳамки, рус бўлинмаларидаги йўқотишлар ҳақида расман хабар йўқ.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси