“Қўйлар подаси... Кетинг қишлоғингизга” – “ЛУКОЙЛ” мансабдори ўзбек ишчиларини ҳақоратлаганига чора кўриладими?

Жамият 10062
image

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги нефть-газ объектида олинган видео тарқалди. Видеода “ЛУКОЙЛ” мансабдори ишчиларни ҳақорат қилгани тасвирланган.

Россиянинг “ЛУКОЙЛ” компанияси амалдори ишчилардан бири қўлланмага номувофиқ ишлагани учун уни қўйлар подаси ва бошқа оғир ҳақоратли сўзлар билан таҳқирлайди.

“Ҳеч ким назорат қилмайди. Нега бу ерда қўйлар подаси бўлиб турибди? Қўлланмани нега ёздик? Кетинг уйингизга, қишлоғингизга”, дея ишчиларни камситган “Лукойл” мансабдори.

Халқаро оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, видеодаги “тили ширин” амалдор “ЛУКОЙЛ” Uzbekistan Operating Co бош энергетиги Иван Александрович Шилов. Шунингдек, ҳақоратланган ишчилар ўзбек мансабдорларига шикоят қилганида ҳеч қандай чора кўрилмагани таъкидланган.

Мазкур видеода тасвирланган ҳолат юзасидан ҳозирча ҳеч бир расмий давлат идораси тушунтириш бермади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, Ўзбекистонда одатда ишчиларларга бундай муносабат хусусий корхона ва ташкилотларда эмас, балки ҳокимликлар, давлат бошқарув идораларида учрар эди. Бу хусусий корхоналарда раҳбар ва ишчи муносабатлари аъло даражада дегани эмас. Шунчаки, йирик ширкатнинг раҳбарияти ходим билан ҳақоратли мулоқотда бўлаётгани билан боғлиқ видео биринчи бор ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.

Маълумот учун, “ЛУКОЙЛ” Uzbekistan Operating Co`нинг асосий фаолият йўналишларидан бири газ қазиб олиш ҳисобланади.

“ЛУКОЙЛ” Uzbekistan Operating Co Ўзбекистон ҳудудида ўз фаолиятини “Қандим-Хаузак-Шоди”, “Жануби-Ғарбий Ҳисор” ва “Орол” лойиҳалари бўйича Маҳсулотни тақсимлаш келишувлари (МТК) асосида амалга оширмоқда. “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси (МХК) мазкур лойиҳалар бўйича Компаниянинг стратегик ҳамкори ҳисобланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 429
Рейтинг: 2.9
t
×
×