Қувайт Амири парламентни тарқатиб юборди
Олам
−
11 Май
5678Қувайтда парламент сайловларидан бир ярим ой ўтиб, Амир Шайх Мишъал ал Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ парламентни тарқатиб юборди ва конституциянинг бир қатор моддаларини тўрт йил муддатга тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда Амир давлат телевидениеси орқали эфирга узатилган халққа мурожаатида маълум қилди.
“Бу вақт ичида мамлакатда демократик жараённинг барча жиҳатлари кўриб чиқилади”, деган ал-Жобир ас-Сабоҳ.
Шунингдек, у демократиядан давлатни йўқ қилиш учун фойдаланишга йўл қўймаслигини таъкидлади.
Билдирилишича, тўрт йиллик ўтиш даври учун Қувайтда қонун чиқарувчи ваколатлар Амир ва Вазирлар Маҳкамасига ўтади. Ал-Жобир ас-Сабаҳ бир қатор депутатларни Амирнинг валиаҳд шаҳзодани танлаш ваколатига ва ҳукуматни шакллантириш шартларини белгилашга аралашишда айблади. У аниқ исмларни айтмади.
Валиаҳд шаҳзода – одатда Қувайтнинг кейинги ҳукмдори – ҳозирги Амир томонидан тайинланади. Қонунга кўра, тахт Амир вафотидан сўнг автоматик тарзда валиаҳд шаҳзодага ўтади, бироқ меросхўр парламент томонидан тасдиқланиши керак.
Апрель ойи бошида сайланган янги парламент 12 май куни биринчи мажлисга йиғилиши керак эди, бироқ бир қатор депутатлар ҳукумат ишида иштирок этишдан бош тортди. Қувайт Конституциясига кўра, Вазирлар Маҳкамаси тузилишидан олдин камида битта депутат вазирлик ваколатларини ўз зиммасига олиши керак, бироқ Бош вазирликка номзод янги сайланган депутатлардан бирортасини ишонтира олмади.
4,5 миллион аҳолиси бўлган Қувайтда ҳокимият асосан ҳукмрон Сабоҳ оиласи аъзолари қўлида тўпланган, бироқ 1962 йилда мамлакат араб дунёсида биринчи бўлиб парламент тизимини жорий қилган ва Форс кўрфазидаги бошқа ҳеч бир давлатда қонун чиқарувчи ҳокимият Қувайтдаги каби катта таъсирга эга.
Бундан ташқари, депутатлар ҳукумат аъзоларини очиқ сўроқ қилиш ва давлат бюджетига таъсир ўтказиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, сўнгги йилларда Қувайт ҳукуматининг фаолияти вақти-вақти билан сайланган депутатлар ва Амир томонидан тайинланган вазирлар ўртасидаги сиёсий низолар учрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 16 декабрь куни Қувайтни 2020 йил сентябридан бери бошқариб келаётган амир шайх Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 86 ёшида вафот этганди. Янги Амир Мишъал ал Аҳмад ал-Жобир 20 декабрь куни Миллий Ассамблея олдида қасамёд қилди ва расман мамлакат раҳбари бўлди. Амир расман қасамёд қилганидан кейинги биринчи нутқида қонунчилар ва ижроия ҳокимиятни мамлакат ва халқ манфаатларига зарар етказаётгани учун қаттиқ қоралаган. Амирнинг кескин баёнотидан бир неча дақиқа ўтиб, ҳукумат истеъфога чиққан.
LiveБарчаси