Қувайт Амири ишни ҳукуматни истеъфога чиқариш билан бошлади
Олам
−
20 Декабрь 2023
7656Қувайтнинг янги Амири Шайх Мишъал ал Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ ҳокимиятга келиши билан ҳукумат истеъфога чиқди. Бу ҳақда KUNA давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Бугун, 20 декабрь куни Амир расман қасамёд қилганидан кейинги биринчи нутқида қонунчилар ва ижроия ҳокимиятни мамлакат ва халқ манфаатларига зарар етказаётгани учун қаттиқ қоралаган. Амирнинг кескин баёнотидан бир неча дақиқа ўтиб, ҳукумат истеъфога чиққан.
Миллий Ассамблеядаги қасамёдидан сўнг, Шайх Мишъал бир қатор расмий лавозимларга тайинловларни танқид қилган ва бир қанча маҳкумлар, жумладан, мухолифат вакилларининг афв этилишига қарши чиққан ҳамда буни Қувайтнинг ўзига хослигига зарар деб атаган.
Янги Амир Қувайт Форс кўрфазида, минтақавий ва халқаро даражада ўз мажбуриятларини бажаришини таъкидлаган.
Маълумот учун, Мишъал ал Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 1940 йил 27 сентябрда Шайх Аҳмад I ва унинг рафиқаси Марям Малит ал-Ҳувайла оиласида туғилган. У бутун умри давомида ички ишлар тизимидаги турли лавозимларда ишлаган. 83 ёшли Шайх Мишъал ўгай акаси Шайх Наваф ҳукмронлиги даврида Қувайтни амалда бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 декабрь куни Қувайтни 2020 йил сентябридан бери бошқариб келаётган амир шайх Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 86 ёшида вафот этганди.