Қувайт Амири вафот этди
Олам
−
16 Декабрь 2023
14412Бугун, 16 декабрь куни Қувайт Амири шайх Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Қувайт давлат телевидениеси хабар берди.
Давлат телевидениеси машъум хабарни эълон қилишдан олдин Қуръон оятлари билан мунтазам дастурларни тўхтатди.
“Қувайт давлати Амири шайх Наваф ал-Аҳмад ас-Сабоҳнинг вафоти муносабати билан биз чуқур қайғудамиз”, дейилади телевидение орқали эфирга узатилган баёнотда.
Маълумот учун, Шайх Наваф бор-йўғи уч йил ҳукмронлик қилган. У нефтга бой мамлакат амири сифатида 2020 йилда ўзидан олдинги, марҳум шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ас-Сабоҳ вафотидан сўнг қасамёд қилган.
Ас-Сабоҳ сулоласи Қувайтни XVIII аср ўрталаридан буён бошқариб келади. Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир бу сулоланинг ўн олтинчи ҳукмдори ва Қувайт Британиядан мустақил бўлганидан кейинги олтинчи амир эди.
Наваф Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳ 1937 йил 25 июнда Қувайт пойтахти Қувайт шаҳрида туғилган. У Қувайтнинг ўнинчи амири Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг олтинчи ўғли бўлган. 1962-1978 йилларда Наваф Ҳавалли вилояти губернатори бўлган. Кейин у ўн йил давомида Қувайт Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган. 2003 йилда яна Ички ишлар вазирлиги раҳбари лавозимини эгаллаган ва 2006 йилда бу лавозимни тарк этган. 1988-1991 йилларда Қувайт Мудофаа вазири бўлган.
Наваф Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳнинг вафотидан сўнг, унинг ўрнига ҳокимиятга шайх Мишал ал Аҳмад ал-Жобир келиши кутилмоқда. Ҳозир у 83 ёшда. У дунёдаги энг кекса валиаҳд шаҳзода ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Наваф Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ас-Сабоҳ "соғлиғи билан боғлиқ муаммолар" туфайли зудлик билан шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.