Қувада уч нафар аёл шифохонада жанжал кўтариб, деразаларни синдириб ташлади

Жамият 20134
image

Ижтимоий тармоқларда Қува тумани тез тиббий ёрдам бўлими ходимига ҳужум қилингани, можарога аралашган Ички ишлар бўлими ходимлари ҳам бебаҳра қолмагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Қува туман прокуратураси томонидан мазкур ҳолат ўрганилган. Аниқланишича, 10 июль куни соат 21:20 ларда Қува тумани, “Гўзал” МФЙ, Тинчлик кўчаси 13/38-уйда истиқомат қилувчи Ж.У., Қува тумани ТТЁ бўлимига телефон орқали ногиронлиги мавжуд бўлган ўғли Д.Йўлдошевнинг соғлиғидаги ўзгаришлар ҳақида мурожаат қилган.

Фуқаро Ж.У.нинг мурожаатига ТТЁ бўлими чақирувларни қабул қилиш ходими З.Н. жавоб бериб, ТТЁ хизмат автомашинаси ва навбатчи шифокорлари бошқа хонадонда тиббий кўрикда эканлиги ҳақида айтиб, ушбу хонадондан чиққандан сўнг зудлик билан Ж.У.нинг хонадонига боришлигини айтган.

Шундан сўнг, Ж.У. ТТЁ бўлимининг телефон рақами банд бўлганлиги сабабли, автомашина келишини кутмасдан, карантин қоидаларини бузгани ҳолда, 3 киши бўлиб тиббий ниқобсиз бўлимга танишлари С.З. ва Я.З. билан бирликда келган. Улар ТТЁ бўлими чақирувларни қабул қилиш ходими билан телефон банд бўлганлиги ҳолатини важ қилиб, ўзаро жанжаллашиб, жанжал давомида қабулхона ойналарини синдирган. ТТЁ бўлими чақирувларни қабул қилиш ходими З.Н. чақирувига биноан етиб келган ИИБ ходимларини ҳам қонуний талабларига бўйсунмасдан, майда безорилик ҳаракатларини давом эттирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ томонидан Ж.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 61-2-моддаси 1-қисми ҳамда 183, 194-моддалари билан, З.Солиева ва З.Якубовага нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми 183, 194-моддалари билан, ТТЁ бўлими чақирувларни қабул қилиш ходими З.Н.га нисбатан МЖтКнинг 41-моддаси ва 54-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқишлик учун Қувасой шаҳар маъмурий судига юборилган.

Қувасой шаҳар маъмурий судининг 17.07.2020 йилдаги қарорига кўра, Ж.Умарова Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 612-моддаси 1-қисми 183,194-моддаларида, З.Я. ва З.С. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми 183,194-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, З.Я. ва З.С. нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ, Ж.У. нисбатан эса МЖтКнинг 29-моддаси моддаси қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, ТТЁ бўлими чақирувлари қабул қилиш ходими З.Н. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси, 54-моддаси, 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 532
Рейтинг: 3
t
×