Қуръоннинг ёқилиши давлатлар ўртасига низо солади – БМТ Олий комиссари
Олам
−
07 Октябрь 2023
8413Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Қуръонни ёқиш ҳаракатлари давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларга сабаб бўлишини айтди.
“Қуръоннинг жирканч тарзда ёқиб юборилишига ўхшаш қасддан уюштирилган провокациялар мамлакатлар ва жамоалар ўртасига низо солишга мўлжалланган”, деди у Испания Ташқи ишлар вазирлигида ўтказилган тадбирда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швецияда полициянинг рухсати билан акция ўтказилган ва унда Ироқдан келган 37 ёшли муҳожир Салван Момика Қуръон саҳифаларини йиртиб ташлаб, уни ёқиб юборганди.
Бу ҳаракат кўпчилик томонидан, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қораланди.
Салван Момика эса 20 июль куни яна Стокгольм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция ўтказди ва мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепди.
Кейинчалик Дания пойтахти Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида ҳам ўта миллатчи “Даниялик ватанпарварлар” гуруҳи вакиллари митинг ўтказиб, Қуръон китобини ёқиб юборди.
Шундан сўнг, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Қуръон таҳқирланишини қоралади.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Швеция ва Данияда Қуръонни таҳқирлаш билан боғлиқ ҳаракатларни дунё мусулмонлари учун ҳақоратомуз, деб атади.
Ушбу воқеалар фонида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси “Нафрат сўзларига қарши курашиш контекстида динлараро ва маданиятлараро мулоқот ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш” резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон унинг ҳаммуаллифларидан бири бўлди.
LiveБарчаси