Қўқонда талаба қизлар ётоқхонасига камера ўрнатганлар жаримага тортилди
Жамият
−
24 Май 2023
5310Қўқон давлат педагогика институтининг қизлар ётоқхонасига кузатув камерасини ўрнатган 4 киши жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 5 майдаги қарорига кўра институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори О.Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш)да кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида, яъни 4 500 000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, институтнинг таълим технологиялари маркази ходимлари М.А., Б.О. ва бўлим бошлиғи Р.М. ҳам МЖтКнинг 46-1-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб ҳисобланган. Уларнинг ҳар бирига БҲМнинг ўн баравари миқдорида, яъни 3 000 000 сўмдан жарима жазоси белгиланган.
“Ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 апрель куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий Телеграм каналининг мулоқот ботига қизлар яшайдиган талабалар турар жойи хоналаридан бирига кузатиш камераси яширинча ўрнатилгани ҳақида маълумот берган эди. Шундан сўнг Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказишни бошлаганди.Шунингдек, институт проректори лавозимидан озод этилган эди.
LiveБарчаси