Қрим кўпригига ракета билан зарба берилди

Олам

image

Бугун, 12 август куни Қрим кўпригига яна ҳужум қилинди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“12 август куни Москва вақти билан тахминан 13:00 да Киев режими ҳужумкор версияга ўзгартирилган C-200 зенит ракетаси билан Қрим кўпригига террорчилик зарбасини беришга уринди”, дейилади вазирлик хабарида.

Расмий Москва Украина ракетаси Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан ҳавода ўз вақтида аниқлангани ва тутиб олинганини билдирган. Вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.

Аннексия қилинган Қримнинг раҳбари Сергей Аксёнов ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Керчь бўғози ҳудудида иккита ракетани уриб туширганини маълум қилган.

“Керчь бўғози ҳудудида ҳаво мудофаа кучлари душманнинг иккита ракетасини уриб туширди. Қрим кўприги бузилмаган. Сиздан хотиржам бўлишингизни ва фақат расмий манбаларга ишонишингизни сўрайман”, деб ёзди Аксенов ўзининг Telegram-каналида.

Ўз навбатида, Қрим раҳбарининг маслаҳатчиси Олег Крючков Қрим кўпригида қуюқ тутун кўтарилганини айтган.

“Махсус хизматлар тутун пардасини ҳосил қилди. Тез орада ҳаракат тикланади”, деган Крючков.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса бу ҳужумни кескин қоралашини билдириб, у жавобсиз қолмаслигини айтди.

“Қрим кўприги соф фуқаролик инфратузилмаси объекти бўлиб, унга қилинган ҳужумларни умуман қабул қилиб бўлмайди. Бундай саботаж халқаро ҳамжамиятга Киев режимининг асл моҳиятига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш имкониятини беради. Бундай ваҳший ҳаракатларни оқлаб бўлмайди ва улар жавобсиз қолмайди”, дейилади Захарованинг баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ҳам Украинанинг икки дронининг ҳужуми оқибатида Қрим кўпригида портлаш содир бўлганди. Бу ойда эса кўприк яқинида Россиянинг “Сиг” танкери дрон ҳужумига учраганди. Бундан ташқари, 10 августда ҳам Украина Қримга дрон учирган, шулардан иккитаси Севастополь шаҳри яқинида навбатчи ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган бўлса, яна 9 таси нишонга етиб бормай, Қора денгизга қулаганди. Бугун, 12 августга ўтар кечаси эса Украина Қрим ярим ороли ҳудудидаги объектларга 20 та дрон билан ҳужум қилган, бироқ уларнинг барчаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганди. Россия томонидан эса 2 августга ўтар кечаси  Киевга, 8 августда Покровскка, 9 августда Запорожье шаҳрига ҳаво ҳужуми уюштирилганди. Кеча, 11 августда Россия Украинага “Кинжал” ракеталари билан, бугун, 12 августда эса Днепропетровск вилоятидаги Кривой Рог шаҳрига баллистик ракета билан ҳужум қилди. Россия ҳужумларининг аксариятида ҳам турар-жойлар зарар кўрди ва тинч аҳоли ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Қрим кўприги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг