Қрим аннекция қилинганига 9 йил! Путин яриморолга борди
Олам
−
18 Март 2023
10517Россия Президенти Владимир Путин бугун, 18 март куни Қримга яриморол Россияга қўшилганининг бир йиллиги муносабати билан келди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Севастополга етиб борган, у ерда Президентга Черсонесе шаҳридаги санъат мактаби ва “Корсун” болалар маркази кўрсатилган
“Корсун” маркази Севастополга кўплаб диққатга сазовор жойлар билан танишиш учун келган болалар учун мўлжалланган. У бир вақтнинг ўзида бутун мамлакатдан 300 нафар болани қабул қилиши мумкин.
Замонавий санъат мактабида шаҳарнинг ижодий иқтидорли ёшлари қадимий ва Византия даври ёдгорликлари намуналарида жаҳон бадиий меросини ўрганишлари мумкин бўлади.
Қримнинг Россия таркибига қўшиб олиниши
2014 йил 18 март куни Путин ва қримлик ҳамкорлари билан “Қрим Республикасини Россия Федерацияси таркибига қабул қилиш тўғрисидаги битим”ни имзолаган.
Қримнинг аннекция қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган, унинг ташкилотчилари ва иштирокчиларига нисбатан санкциялар жорий этилган.
Путин Будапешт меморандумини ҳамда Россия Украинанинг 1991 йилги чегаралари доирасидаги ҳудудий яхлитлигини тан олган Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик шартномасини бузган деб топилди.
Яриморолнинг номаълум рус ҳарбийлари томонидан маҳаллий ҳамкорлар кўмагида босиб олиниши Россия ва Украина ўртасида 9 йилдан бери давом этаётган эълон қилинмаган урушнинг бошланиши эди.
Қримнинг аннекция қилиниши чоғида қрим-татар фаоли Решат Аметов ва Украина Қуролли кучлари прапоршиги Сергей Кокурин ўлдирилган. Улар Россия-Украина урушининг биринчи қурбонлари саналади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Тан олинмаган Донецк халқ республикаси, Луганск халқ республикаси, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия Федерацияси таркибига кириши бўйича ноқонуний референдумлар 2022 йил 23-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. Москвага кўра, сайлов бюллетенларини қайта ишлаш натижаларига кўра, ДХРда Россия Федерациясига қўшилиш учун 99,23%, ЛХРда – 98,42%, Херсон вилоятида – 87,05%, Запорожье вилоятида – 93,11% овоз берилган. 30 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказилган псевдореферендумлар якунлари бўйича нутқ сўзлади, шундан сўнг ҳудудлар раҳбарлари билан Россия таркибига кириш тўғрисида битимлар имзоланди.
Жавоҳир Қадамов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь