Қозоғистондаги воқеалар таъсирида уран нархи ошиб кетди
Олам
−
06 Январь 2022
11076Қозоғистондаги воқеалар фонида жаҳон бозорида уран нархи ошиб кетди. Бу ҳақда тегишли ҳисоб-китоблар билан шуғулланувчи UxC фирмаси маълумотларига таяниб хабар берилган.
Таъкидланишича, нархлар кеча, 5 январь куни 8 фоизга ошиб, 4 январь кунги 42 доллардан бир фунт учун 45,25 долларга етган.
Шу билан бирга, Лондон биржасида энг йирик уран ишлаб чиқарувчи “Казатомпром” акциялари 11 фоизга арзонлашган.
Қозоғистон дунёдаги уран захираларининг 40 фоиздан ортиғини ишлаб чиқаради. 2021 йил сентябрида уран нархи кескин кўтарилган.
Маълумот ўрнида, Қозоғистондаги барча молия ташкилотлари ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган. Бу ҳақда мамлакат Миллий банки маълум қилган. Таъкидланишича, бунда Олма-отадаги аксилтеррор операцияси ва интернетдаги вақтинчалик муаммолар ҳисобга олинган. Иккинчи даражали банклар, алмашувчилар, брокерлар, микромолия ташкилотлари, KASE (Қозоғистон фонд биржаси) ва бошқалар бугун, 6 январь куни ишламайди.
Маълумотларга кўра, мамлакат пойтахти Нур-Султонда фақатгина Халқ банки ишламоқда. Пойтахт аҳолиси ягона ишлаётган банкдан, дўконларда интернет йўқлиги сабабли нақд пулсиз тўлов амалга оширилмагани учун пул ечиб олишга ҳаракат қилмоқда. Банкда узундан-узун навбат юзага келган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси