Қозоғистон ва “Газпром” ўртасидаги келишув Россия газининг Ўзбекистонга транзитига таъсир қилади
Олам
−
08 Ноябрь 2023
9887Қозоғистон ва “Газпром” ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим Россия газининг Ўзбекистонга транзити масалаларини кўриб чиқади. Бу ҳақда журналистларга Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев маълум қилди.
“Ушбу шартномада Россия газининг Ўзбекистонга транзити масалалари кўриб чиқилади. Маълумки, биз ўз газни ташиш тизимимизни ишга туширдик, транзит имкониятини бердик. Ушбу шартнома билан биз Россия газини транзит қилиш бўйича томонларнинг мажбуриятларини белгилаб олдик”, дейди у.
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни “Санкт-Петербург халқаро газ форуми-2023” доирасида “Газпром” бошқаруви раиси Алексей Миллер Марказий Осиёнинг уч мамлакати – Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари билан учрашиб, янги ҳужжатларни имзолади.
Миллер ва Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр ўртасида ўтган ишчи учрашувда Стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Ҳужжат табиий газни етказиб бериш, ташиш ва қайта ишлаш, шунингдек, уни геология-қидирув ва қазиб олиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев билдиришича, Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини ошириш имконияти Ўзбекистон томонининг эҳтиёжларига боғлиқ бўлади.
“Биз ҳудудимиз орқали транзит ўтиш имконияти ҳақида гапиряпмиз”, деб тушунтирган у.
Саткалиевнинг маълум қилишича, Қозоғистон Россия Федерациясидан Ўзбекистонга транзит орқали йил охиригача камида 800 миллион куб метр газ етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Унинг сўзларига кўра, умуман олганда, дастлабки босқичда гап қарийб 2,8 миллиард куб метр газ етказиб бериш ҳақида бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида Россиянинг “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди. Ҳужжатни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ва Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов имзолаган.
Форумда сўз олган Миллер ҳозирда Россиянинг “Газпром” компанияси ва Қозоғистон Остона шаҳрини газлаштириш учун етказиб бериш йўналиши устида ишлаётгани, компания Қозоғистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш учун янги йўналишлар ва Бухоро-Урал газ қувурини ҳам кўриб чиқаётганини билдирган.
Шунингдек, унинг айтишича, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик 15 йилни ташкил этади, узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришга старт берган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб оладиган бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь