Қозоғистон Россияга қарши санкцияларга бош қўшадими?
Олам
−
01 Июнь 2022
11488Қозоғистон Россияга қарши санкцияларга қўшилмайди. Бу ҳақда РИА Новости мамлакатнинг Москвадаги элчиси Ермек Кошербаевга таяниб, хабар берди.
“Биз Россия Федерациясига нисбатан қиритилган санкцияларга қўшилмаймиз ва ҳамкорлигимиз руҳига зид бўлиши мумкин бўлган қадамлар қўймаймиз”, деган элчи “Россия 24” телеканали эфирида.
Шунингдек, у Россия ҳар қандай шароитда ҳам Қозоғистоннинг энг яқин қўшниси ва энг муҳим ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлади.
“Қозоғистон ҳеч қачон геосиёсий ўйинларда қатнашмаган ва қатнашмайди”, дея қўшимча қилган Кошербаев.
Аввалроқ, Россиянинг энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Қозоғистон Владимир Путиннинг Украинага қарши урушга қўшилиш илтимосини рад этгани ҳақида хабар берган эдик.
Бундан ташқари, мамлакат Россиянинг Украинага ҳужум қилиши учун баҳона бўлган Донецк ва Луганск халқ республиклари мустақиллигини тан олмаслигини билдирган.
Қўшма Штатлар Қозоғистоннинг Украинадаги уруш бўйича баёнотини олқишлаган.
“Биз Қозоғистоннинг ЛХР ва “ДХРни тан олмаслиги ҳақидаги баёнотини олқишлаймиз. Шунингдек, Қозоғистон Путиннинг Украинадаги урушида иштирок этиш учун ўз кучларини юборишдан бош тортганини ҳам олқишлаймиз”, дея муносабат билдирган АҚШ Хавфсизлик кенгаши.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси