Қозоғистон АЭС қурилишида етакчи сифатида “Росатом”ни танлади

Олам

image

Қозоғистон Атом энергетикаси агентлиги халқаро экспертлар иштирокида мамлакатдаги биринчи атом электр станциясини (АЭС) қуриш бўйича халқаро консорциум раҳбари сифатида Россиянинг “Росатом” давлат корпорациясини танлади. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотига кўра, атом саноати ривожланиши бўйича ҳукуматлараро комиссия иши натижасида “Росатом”нинг Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича лойиҳаси энг мақбул ва фойдали деб топилган. Танлов халқаро компаниялар иштирокида ўтказилган бўлиб, Франциянинг Assystem муҳандислик компанияси ҳам иштирок этган. Экспертлар потентсиал етказиб берувчиларнинг реактор технологиялари ва бошқа ишланмаларини, жумладан хавфсизлик, технологик ва молиявий жиҳатлар, халқаро тажриба, кадрлар тайёрлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси каби мезонлар бўйича баҳолаган.

“Росатом”дан кейинги ўринларни Хитойнинг China National Nuclear Corporation (CNNC), Франциянинг Electricite de France ва Жанубий Кореянинг Korea Hydro & Nuclear Power компаниялари эгаллаган.

Вазирликнинг хабар беришича, ҳозирда “Росатом” таклифлари асосида Россия томонидан давлат экспорт молиялаштиришини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Қозоғистон Атом энергетикаси агентлиги хорижий ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатдаги биринчи АЭСни қуриш бўйича самарали халқаро консорциумни шакллантириш устида ишлашни давом эттиради.

Бунгача CNNC компанияси АЭСнинг умумий қуввати 2,4 Гвт бўлган икки энергоблокини 5,47 миллиард долларга қуришга тайёрлигини билдирганди – бу Қозоғистон Энергетика вазирлиги баҳолаган дастлабки қийматдан (10-15 миллиард доллар) камида икки баравар арзон. Хитой компанияси технологияларни улашиш ва Қозоғистонга ядро ёқилғиси циклини тўлиқ бошқариш имконини беришни ҳам таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилганди. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, лойиҳани сайловчиларнинг 71,12 фоизи қўллаб-қувватлаган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг айтишича, биринчи АЭС 2035 йилгача ишга туширилади. Қурилиш Олмота вилоятининг Жамбил тумани Улкен қишлоғида – Балхаш кўли соҳилида амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Росатом АЭС Қозоғистон Энергетика вазирлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг