Қорақалпоғистондаги намойишлар сабаб қамалган 24 киши озод қилинди
Жамият
−
30 Август 2022
10347Бош прокуратура томонидан Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра,24 нафар гумонланувчини жамоат кафиллиги асосида ўз оиласига қайтарилди. Уларга нисбатан белгиланган қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилди. Бу ҳақда Омбудсман маълум қилди.
Бунда ушбу фуқароларнинг Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларда содир этган қилмишларидан пушаймон эканлиги, қарамоғида Вояга етмаган фарзандлари борлиги, шунингдек оилавий шароити оғир эканлиги, баъзи шахсларнинг оилада ёлғиз боқувчи бўлганлиги эътиборга олинган.
Аввалроқ комиссия Қорақалпоғистондаги воқеалар сабаб қамалган бир гуруҳ фуқароларга қўлланган эҳтиёт чорасини енгилроғига ўзгартириш бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси