Қорақалпоғистонда вазият ўнгландими? Президент маълумот берди
Жамият
−
06 Июль 2022
14168Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни вақтда ўтказаётган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистондаги ҳозирги вазият ҳақида маълумот берди.
“Энг асосийси, аҳолининг тинчлиги ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ”, дейди давлат раҳбари.
Унинг қайд этишича, иқтисодиёт тармоқлари ишламоқда. Одамлар кундалик ишлари ва юмушлари билан банд. Деҳқонлар ўз даласида ишламоқда, пешона тери билан яратган ҳосилларини йиғиштирмоқда.
“Бозорлар, дўконлар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари фаолият юритмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан бу ерга озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
Давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари томонидан ҳудудда барқарор вазиятни таъминлаш бўйича уюшган ва мувофиқлашган ҳолда иш олиб борилмоқда”, дейди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь