Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бериладиган бепул егулик ичидан дори чиқиши ортидан жиноят иши очилди
Жамият
−
15 Май 2023
12966Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасидаги бир нечта мактабларга кейтеринг усулида етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари ичидан таблетка кўринишида дори воситалари чиққани ҳақида тарқалган хабарлар ортидан туҳмат ва рақобатчини обрўсизлантириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон прокуратураси хабар берди.
Аниқланишича, бир гуруҳ шахслар кейтеринг усулида озиқ-овқат таъминотини амалга ошираётган тадбиркорларга нисбатан туҳмат уюштириш орқали уларни обрўсизлантириш мақсадида, 3 та ҳолатда ичига дори воситалари жойлаштирилган булка ва пряник маҳсулоти, гўёки Элликқалъа ва Беруний туманларидаги таъминотчилар томонидан тарқатилгани ҳақидаги иддаолар билан асоссиз ва нохолис маълумотлар тарқатган. Шу туфайли тадбиркорлик субъектларининг нуфузига путур етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” банди (туҳмат) ва 192-моддаси (рақобатчини обрўсизлантириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши тергови якунига кўра, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида мактаб ўқувчиларига берилган озиқ-овқат маҳсулотлари орасидан қум чиққанди. Кейинчалик Элликқалъа туманидаги ўқувчиларга бериладиган егулик ичидан дори чиққани айтилган эди.
LiveБарчаси