Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бериладиган ширинлик ичидан қум чиқди
Жамият
−
12 Апрель 2023 6283 2 дақиқа
Жорий йилнинг 8 апрель куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани халқ таълими бўлимига қарашли 41-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқувчиларига бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ичидан қум чиққани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди.
Таъкидланишча, ҳолат бўйича Хўжайли тумани халқ таълими бўлими томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. 41-сонли умумтаълим мактабида бугунги кунда жами 961 нафар ўқувчи бор бўлиб, шундан 1-4-синфида жами 388 нафар ўқувчи таълим олади. Мактабга озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллий МЧЖ томонидан 2022 йил 10 октябрдан шу кунга қадар етказиб берилмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳудуддаги мактабларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 472-сонли Қарори талабига асосан 1-4-синфда таълим оладиган жами 8670 нафар ўқувчига 3 та корхона (ТАББАСУМ НУКУС, БEКБEРГEН SERVIS ОРАЙИ, АЛЛИАНСE АРАЛ-С) томонидан ҳар куни белгиланган таомнома асосида озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб келинади.
Ўрганишлар давомида 41-сонли умумтаълим мактабига 2023 йил 7 апрель куни “БEКБEРГEН SERVIS ОРАЙИ” МЧЖ томонидан эрталабки соат 9:45 да олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларини махсус комиссия аъзолари қабул қилиб олган.
“Ижтимоий тармоқлардаги видео мурожаатда ювилмаган олма шу йилнинг 7 февраль кунги ҳолат бўлиб, бу бўйича озиқ-овқат етказиб берувчи корхонага ва мактабдаги қабул қилиб олувчи комиссия азоларига халқ таълими бўлими томонидан огоҳлантириш берилган”, дейилади расмий баёнотда.
2023 йил 7 апрель куни мактабга 388 нафар ўқувчига тасдиқланган таомнома асосида ёнғоқли кекс, шоколад, олма, ширин чой етказиб берилган. Шу куни 2-“б” синф ўқувчиларига берилган шоколаддан қум чиққанлиги ва синф раҳбари Б.Бекбосинова бу ҳолат бўйича мактаб раҳбариятига видео хабар орқали мурожаат қилган. Мактаб раҳбарияти озиқ-овқат етказиб берувчи корхонага бу ҳолат бўйича маълумот берган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қўшимча ўрганиш ишлари амалга оширилиши ва унинг натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь