Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бериладиган ширинлик ичидан қум чиқди
Жамият
−
12 Апрель 2023
5495Жорий йилнинг 8 апрель куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани халқ таълими бўлимига қарашли 41-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқувчиларига бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ичидан қум чиққани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди.
Таъкидланишча, ҳолат бўйича Хўжайли тумани халқ таълими бўлими томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. 41-сонли умумтаълим мактабида бугунги кунда жами 961 нафар ўқувчи бор бўлиб, шундан 1-4-синфида жами 388 нафар ўқувчи таълим олади. Мактабга озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллий МЧЖ томонидан 2022 йил 10 октябрдан шу кунга қадар етказиб берилмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳудуддаги мактабларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 472-сонли Қарори талабига асосан 1-4-синфда таълим оладиган жами 8670 нафар ўқувчига 3 та корхона (ТАББАСУМ НУКУС, БEКБEРГEН SERVIS ОРАЙИ, АЛЛИАНСE АРАЛ-С) томонидан ҳар куни белгиланган таомнома асосида озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб келинади.
Ўрганишлар давомида 41-сонли умумтаълим мактабига 2023 йил 7 апрель куни “БEКБEРГEН SERVIS ОРАЙИ” МЧЖ томонидан эрталабки соат 9:45 да олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларини махсус комиссия аъзолари қабул қилиб олган.
“Ижтимоий тармоқлардаги видео мурожаатда ювилмаган олма шу йилнинг 7 февраль кунги ҳолат бўлиб, бу бўйича озиқ-овқат етказиб берувчи корхонага ва мактабдаги қабул қилиб олувчи комиссия азоларига халқ таълими бўлими томонидан огоҳлантириш берилган”, дейилади расмий баёнотда.
2023 йил 7 апрель куни мактабга 388 нафар ўқувчига тасдиқланган таомнома асосида ёнғоқли кекс, шоколад, олма, ширин чой етказиб берилган. Шу куни 2-“б” синф ўқувчиларига берилган шоколаддан қум чиққанлиги ва синф раҳбари Б.Бекбосинова бу ҳолат бўйича мактаб раҳбариятига видео хабар орқали мурожаат қилган. Мактаб раҳбарияти озиқ-овқат етказиб берувчи корхонага бу ҳолат бўйича маълумот берган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қўшимча ўрганиш ишлари амалга оширилиши ва унинг натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.
LiveБарчаси