Қорабоғ Озарбайжонга нисбатан даъво билан чиқди
Олам
−
12 Декабрь 2020
9736Тоғли Қорабоғ ҳудудида Озарбайжон томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида уч нафар ҳарбий хизматчи жароҳат олган. Бу ҳақда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, воқеа 11 декабрь куни Ҳадрут ҳудудида содир бўлган.
“20:40 атрофида душман Мудофаа армиясининг жанубий йўналишдаги позицияларидан бирига ҳужум қилишга уринди. Отишма натижасида захирадаги уч нафар ҳарбий ҳар хил даражада жароҳат олган, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас”, дейилади Матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, вазирлик Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида Арманистон кучларининг қуролли провокацияси, оқибатида озар аскари жароҳат олгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида фаол қуролли тўқнашувлардан бошланганда расмий Тошкент ҳолатга муносабат билдириб, томонларни муросага чақирганди. Ушбу масалани ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида ҳал этилиши кераклигини айтганди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади.
Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.
Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.
Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.
LiveБарчаси