“Қонли урушга айланиб бўлди”. Жаҳон чемпиони қурол билан Украинани ҳимоя қилмоқчи 

Олам

image
0:00
0:00
download

Украина пойтахти Киев мэри Виталий Кличко қўлида қурол билан Украинани ҳимоя қилади. У тегишли баёнотни кеча, 25 февраль куни маълум қилди. Бу ҳақда ESPN хабар бермоқда.  

“Бу қонли урушга айланиб бўлди. Менда бошқа танлов йўқ. Мен буни қилишим керак. Мен курашаман”, деган Кличко “Good Morning Britain” ток-шоусида. 

Аввалроқ Киевнинг ҳудудий мудофаасига қўшилган Владимир Кличко демократия ва мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишини таъкидлаган. 

“Ҳозир Путин ҳарбий риторикадан фойдаланмоқда, у Украина давлати ва унинг фуқаролари суверенитетини йўқ қилмоқчи эканини очиқ кўрсатмоқда. Бу сўзлардан кейин ўқлар ва танклар келади. Биз ҳалокат ва ўлимни бошдан кечирамиз. Биз барча воситалар билан ҳимоя қиламиз, эркинлик ва демократия учун курашамиз”, деган Владимир Кличко.

Маълумот ўрнида, Виталий Кличко украиналик сиёсатчи, Киев шаҳар давлат маъмурияти раҳбари (2014 йил 25 июндан), собиқ профессионал боксчи. У турли версияларда бокс бўйича жаҳон чемпиони. Виталий Кличко спортдаги фаолиятини 2013 йилда якунлаган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

150

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг