Қодировнинг 15 яшар арзандаси орден билан тақдирланди
Олам
−
08 Ноябрь 2023
6402Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров Кабардин-Балкар Республикаси олдидаги хизматлари учун ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда минтақа раҳбари Казбек Коков ёзган телеграммада айтилади.
Коковнинг сўзларига кўра, Кабардино-Балкар Республикаси ва Чеченистон аҳолиси тарихий ривожланишнинг турли босқичларида бир неча марта бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, қийин пайтларда қўллаб-қувватлаган ва ёрдам берган.
“Рамзан Ахматович Президентимиз Владимир Путин томонидан ўзига юкланган вазифаларни муносиб бажариб, мамлакатимиз хавфсизлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда. Фарзандларини ҳам шундай руҳда тарбиялайди”, деб ёзган Коков Рамзан Қодиров ҳақида.
Коков 15 ёшли Адам Қодиров қандай хизматлари учун орден олганига аниқлик киритмаган.
Маълумот учун, Рамзан Қодировнинг ўзи ҳам 2003 йилда отаси Аҳмад Қодировнинг хавфсизлик хизматига бошлиқ бўлган. Катта Қодиров 2004 йил май ойида Грознийдаги теракт пайтида вафот этган.
Аввалроқ Адам Қодиров Чеченистон Республикаси раҳбарининг хавфсизлик хизматида “муҳим” лавозимга тайинланганди.
Шу йилнинг август ойида 15 ёшли ўғли Адам Қодиров Қуръонни ёқиб юборгани учун ҳибсга олинган 19 ёшли Никита Журавелни тергов изоляторида калтаклаганди. Журавел Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Татьяна Москалковага мазкур ҳолат юзасидан мурожаат йўллаган эди. Аммо Грозний шаҳар полицияси мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш очишдан бош тортган, бунга Қодировнинг ўғли 15 ёшда эканлиги ва жиноий жавобгарлик ёшига етмаганини сабаб қилиб кўрсатган эди. Октябрь ойида эса Адамга Чеченистон қаҳрамони унвони берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь