Қодировнинг ўғли Қуръонни ёққан йигитни изоляторда “самосуд” қилди
Олам
−
16 Август 2023
33944Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 15 ёшли ўғли Адам Қодиров Қуръонни ёқиб юборгани учун ҳибсга олинган 19 ёшли Никита Журавелни тергов изоляторида калтаклади. Бу ҳақда Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Татьяна Москалковага таяниб, “The Insider” хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 15 август куни Рамзан Қодиров Чеченистон Жазони ижро этиш муассасасига борган. У кетганидан кейин эса ўғли Адам Қодиров Қуръонни ёқиб юборгани учун изоляторда жазо муддатини ўтаётган Никита Журавелни калтаклаган.
Шундан сўнг Журавел Татьяна Москалковага мазкур ҳолат юзасидан мурожаат йўллаган.
“Менга Грознийдаги тергов изоляторида сақланаётган айбланувчи Никита Журавелдан мурожаат келиб тушди. Унга кўра, Чеченистон раҳбарининг ўғли Адам Қодиров тергов изоляторига ташрифи чоғида уни калтакланган. Журавел Чеченистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Мансур Солтаевдан ўз ваколатлари доирасида ушбу иш бўйича тергов ўтказишни сўрамоқда”, дейди Москалкова.
Гап шундаки, жорий йилнинг 22 май куни Волгоград суди 19 ёшли Никита Журавелни Ислом динининг муқаддас китобини ёқиб юборганликда айблаб, икки ойга ҳибсга олган. Шундан сўнг РИА Новости тегишли видеони чоп этган, унда Волгоград фуқароси дунё мусулмонларидан узр сўраган ва Қуръонни ёқиш “жуда ёмон иш” эканини айтган.
Шунингдек, сўроқ пайтида Журавел “Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан 10 минг рубль эвазига” Қуръонни ёқиб юборганини ва ҳаракат протоколини Украина хавфсизлик хизмати ходимига топширганини айтган. Бироқ кейинчалик иш Чеченистонга ўтказилган ва айбланувчи Грознийга олиб кетилган.
“Ҳуқуқ ҳимоячилари ва “The Insider” билан суҳбатлашган адвокатнинг фикрича, ишни Чеченистонга ўтказиш қарори одамларни қўрқитиш ва Рамзан Қодировга Россияда Ислом динига тажовуз қилган ҳар қандай шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқини бериш учун қабул қилинган”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси