Чирчиқда одамларни “самосуд” қилган “Ўғри” ва унинг шериклари ушланди (видео)
3-саҳифа
−
1170 2 дақиқа
Чирчиқ шаҳрида “самосуд” билан шуғулланган уюшган безори гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ҳамкорлигида республика бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбирларининг учинчи босқичи доирасида Чирчиқ шаҳрида фуқароларни буюртма асосида ўзбошимчалик билан жазолаб, уларга нисбатан зўравонлик содир этиб келган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Аниқланишича, гуруҳга 2004 йилда туғилган, муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган, спортнинг таэквондо тури билан шуғулланган ва “Ўғри” лақаби билан танилган шахс раҳбарлик қилган. Тезкор тадбир давомида гуруҳ раҳбари ҳамда унинг “Бўри”, “Саман”, “Абу”, “Тош” ва “Баклан” лақаблари билан танилган беш нафар шериги қўлга олинган. Уларнинг айримлари муқаддам ҳам турли жиноятлар учун судланган.
Қўлга олиш жараёнида “Ўғри”нинг ёнидан 1,8 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилган.
Шунингдек, гумонланувчиларнинг уяли телефонлари кўздан кечирилганда, фуқароларга нисбатан зўравонлик ишлатиш ва уларни ўзбошимчалик билан жазолаш – “самосуд” ҳолатлари акс этган видеолавҳалар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 112-(ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва 277-моддалари (безорилик), гуруҳ раҳбарига қўшимча равишда 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган. Барча гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукус шаҳрида фуқароларнинг банк карталаридан қарийб 1 миллиард сўмни ноқонуний ўзлаштириш билан боғлиқ кибержиноят фош этилганди. Гуруҳларда ўзини “Санжик” тахаллуси билан таништирган шахс ва унинг шериклари қўлга олинган.
Live
Барчаси