Чеченистон полицияси Қодировнинг ўғлига нисбатан жиноий иш очилмаслигига сабаб топди

Олам

image

Грозний шаҳар полицияси Қуръонни ёқиб юборган шахснинг Рамзан Қодировнинг ўғли Адам томонидан калтакланиши бўйича жиноий иш очишдан бош тортди.

Бунга Қодировнинг ўғли 15 ёшда эканлиги ва жиноий жавобгарлик ёшига етмагани сабаб бўлди, деб хабар беради “Baza” Telegram-канали.

“Текширув Грозний шаҳрининг Аҳмат тумани 1-сонли полиция бўлими ходимлари томонидан ўтказилган ва жараён Чеченистон прокуратураси назорати остида бўлган”, дейилади бу ҳақдаги хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 15 ёшли ўғли Адам Қодиров Қуръонни ёқиб юборгани учун ҳибсга олинган 19 ёшли Никита Журавелни тергов изоляторида калтаклаган эди. 

25 сентябр куни Рамзан Қодировнинг Telegram-каналида Журавелнинг калтаклангани акс этган видео эълон қилинган. Чеченистон раҳбари видеога берган изоҳида Адамнинг ҳаракатидан фахрланишини ёзган. 

Шундан сўнг, Журавел Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Татьяна Москалковага мазкур ҳолат юзасидан мурожаат йўллаган.

“Менга Грознийдаги тергов изоляторида сақланаётган айбланувчи Никита Журавелдан мурожаат келиб тушди. Унга кўра, Чеченистон раҳбарининг ўғли Адам Қодиров тергов изоляторига ташрифи чоғида уни калтаклаган. Журавел Чеченистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Мансур Солтаевдан ўз ваколатлари доирасида ушбу иш бўйича тергов ўтказишни сўрамоқда”, деган Москалкова.

Гап шундаки, жорий йилнинг 22 май куни Волгоград суди 19 ёшли Никита Журавелни Ислом динининг муқаддас китобини ёқиб юборганликда айблаб, икки ойга ҳибсга олган. Шундан сўнг РИА Новости тегишли видеони чоп этган, унда Волгоград фуқароси дунё мусулмонларидан узр сўраган ва Қуръонни ёқиш “жуда ёмон иш” эканини айтган. 

Шунингдек, сўроқ пайтида Журавел “Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан 10 минг рубль эвазига” Қуръонни ёқиб юборганини ва ҳаракат протоколини Украина хавфсизлик хизмати ходимига топширганини айтган. Бироқ кейинчалик иш Чеченистонга ўтказилган ва айбланувчи Грознийга олиб кетилган.

Акобир Сайидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Чеченистон жиноий иш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг