Қодиров Украинада чечен аскарларининг ўлими ҳақидаги маълумотни рад этди
Олам
−
02 Март 2022
21535Украинада бир гуруҳ чечен ҳарбий хизматчилари, жумладан, қўмондонлар Магомед Тушаев ва Анзор Бисаев йўқ қилингани ҳақидаги маълумотлар ёлғон. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров маълум қилди.
Қодиров бундай хабарларни "бандера пропагандаси" руҳидаги сохта хабарлар деб атади. У ҳарбий хизматчилар билан шахсан боғланган, аскарларнинг барчаси тирик.
“Мен жангчиларимиз билан алоқадаман. Улар соппа-соғ. Аскарлар кунига атиги 24 соат борлигидан жуда афсусда. Акс ҳолда операция бугун якунланиши мумкин эди. Улар иссиқ, яхши озиқланган ва ҳимояланган. Яқинда болали аёллар йигитларимизга мурожаат қилиб, озиқ-овқат, турар жой масаласида ёрдам сўради. Табиийки, уларга ёрдам берилди ва зарурат туғилса, ёрдам берилади. Бундай одамларнинг оғзидан миннатдорчилик ва рус ҳарбийларини безори деб ўйлаб, адашганликларини эшитиш жуда ёқимли. Такрор айтаман, чеченлар орасидаги йўқотишлар ҳозирча йўқ. Тинч аҳоли бизнинг йигитларимизга ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкин - улар ёрдам беради, овқатлантиради”, дейди Қодиров.
Аввалроқ, Рамзан Қодиров Украинадаги урушга юборган аскарлари орасида икки киши ҳалок бўлгани ва яна олти киши турли даражада жароҳат олганини маълум қилганди.
Шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийни ўлдириш учун келган чечен ҳарбийлари йўқ қилингани ҳам айтилганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь