“Қизлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатяпти”. Президент ҳам телеканаллардаги сериалларни танқид қилди
Жамият
−
01 Март 2022
11173Бугун, 1 март куни бўлиб ўтган видеоселектр йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев телеканалларда эфирга узатилаётган айрим сериалларни танқид қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Асадовга кўра, йиғилишда бугун телеканалларда намойиш қилинаётган сериалларда хотин-қизлар образи жуда юзаки, салбий бўёқларда тасвирланаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани айтилган.
Президент бундай ҳолатлар дунёқараши ҳали шаклланмаган қизлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган. Шунинг учун, мутасаддиларга ибратли хотин-қизлар образлари акс эттирилган юксак бадиий, кино ва саҳна асарлари яратиш чораларини кўриш, бунинг учун ижодкорларга мақсадли грантлар ажратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
“Шу ўринда, оқила қизларимизга кўнглимдаги бир фикрни айтмоқчиман. Бугун биз очиқ жамиятда яшаяпмиз. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, илғор ғояларни ўзлаштиришимиз керак. Лекин, миллий қиёфамизга путур етказадиган иллатлардан эҳтиёт бўлишимиз, ўзлигимизни йўқотмаслигимиз шарт”, дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, Мирзиёев ибо-ҳаё, поклик, сабр, шукроналик, илмга интилиш сингари эзгу қадриятларни тарғиб қиладиган мобиль иловалар ва интернет платформаларини яратиш муҳим эканлигини ҳам қўшимча қилган.
“Сабрия” машмашаси
Аввалроқ, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилган эди.
Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
Кейинроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш очгани маълум қилинди. Бироқ маҳкама негадир иш судга оширилиб, кўриш бошлангач, ахборот берилгани кутилмаган бўлди.
LiveБарчаси