Қирғизистоннинг собиқ президенти 10 йилга қамалди
Олам
−
12 Июнь 2023
175912005-2010 йилларда Қирғизистон Президенти лавозимида ишлаган Қурманбек Бакиев “Қумтор” олтин конидаги коррупция иши бўйича Бишкекнинг Первомай туман суди томонидан сиртдан 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Қирғизистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
“Суд қарори билан Қурманбек Бакиев жиноят содир этишда айбдор деб топилиб, унинг мол-мулки мусодара қилинди. Шунингдек, 3 йил муддатга давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди”, дейилади хабарда.
Келтирилишича, кўриб чиқилаётган иш “Қумтор” конидаги коррупция билан боғлиқ бўлиб, унинг айбланувчилари яна бир қанча собиқ амалдорлар, шунингдек, собиқ президентнинг кенжа ўғли Максим Бакиевдир. Максимнинг мол-мулки мусодара қилиниб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Маълумот учун, Қурманбек Бакиев 2010 йилнинг апрель ойида Президентликдан озод қилинганидан кейин хавфсизлик нуқтаи назаридан республикани тарк этган эди ва ҳозирда Беларусда яшаб келмоқда. У аввалроқ мол-мулки мусодара қилинган ҳолда сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Бишкек Минскдан собиқ давлат раҳбарини экстрадиция қилишни бир неча бор талаб қилган, бироқ ҳар сафар рад этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 февраль куни БААда Қирғизистон Президент Садир Жапаров бошчилигида мамлакатнинг собиқ раҳбарлари – Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбоев ва Сооронбай Жээнбеков ўртасида учрашув ўтказилган. Аммо у ерда қамоқдан чиққан Атамбоев Бакиевни кўргач, ушбу учрашувни тарк этган. У бу ҳақда гапираркан, уни собиқ президентлар билан эмас, балки амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев билан учрашувга таклиф қилишганини, учрашувда Бакиевни кўргач, уни тарк этганини айтган.
“Мамлакатимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг ўрнатилиши ва Бакиевларнинг Қирғизистонга қайтиши орасида икки катта фарқ бор. Бирлаштириш бутунлай бошқача натижа беради. Жуда кўп қон тўкилган, жуда кўп нарсани унутмаслик керак ва унутиб бўлмайди. Жиноятчилар албатта жавоб бериши керак. Энг аввало уларни қурбонларнинг яқинлари кечириши керак. Ва умид қиламанки, Президент Садир Жапаров мени эшитиб, тўғри қарор қабул қилади”, деб фикр билдирган Алмазбек Атамбоев.
Бакиев нега Беларусга қочган
Қирғизистонда бошқарув Отунбоева ўтишидан аввал давлатни Қурманбек Бакиев бошқарган. Бош вазир Қурманбек Бакиев муддатидан олдин ўтказилган Президентлик сайловларига қадар давлат раҳбари сифатида ишлади. Президентликка асосий номзодлар Бакиевнинг ўзи ва мухолифат лидери Феликс Қулов ҳисобланар эди. Aммо Қулов ғалаба қозонган тақдирда ҳам ўзини Бош вазир этиб тайинланиши ваъдаси эвазига Бакиев фойдасига номзодини рад этди. Сайловда Бакиев ғалаба қозонди.
2009 йил 23 июлда Қирғизистонда навбатдаги Президент сайловлари бўлиб ўтди. Aмалдаги Президент Қурманбек Бакиев 90 фоизга яқин овоз олди. Бироқ кузатувчилар ушбу сайловларнинг адолатлилигини шубҳа остига олди. Ўша йилнинг 2 августида қайта сайланган Бакиевнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Қурманбек Бакиев ўз Президентлиги даврида кўп векторли сиёсат юргизишга ҳаракат қилди. Аммо, мамлакат иқтисодиёти барқарорлашуви ўрнига орқага қараб кетишда давом этди. Бакиев бошқарувидаги энг катта хатолардан бири эса унинг мамлакатда бир-бирига қарши бўлган АҚШ ва Россия ҳарбий базаларининг фаолият юритишини таъминлаши бўлди.
Оқибатда сўнгги 5 йилликда қўзғалмаган халқ “учинчи” томон ёрдамида ғалаён кўтарди. 2010 йилнинг баҳорида Қурманбек Бакиевнинг истеъфосини талаб қилиб, мухолифат намойишлари бўлиб ўтди. Ўша йилнинг 7 апрелида мухолифат билан Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги тўқнашувлар қуролли инқилобга айланди, мухолифат тарафдорлари пойтахт Бишкек ва асосий маъмурий биноларни эгаллаб олди. Бакиев пойтахтдан Жалолобод вилоятига қочиб кетди. 8 апрель куни Бакиев қирғиз халқига мурожаат қилди. У мамлакатдаги вазиятни назорат қилмаслигини тан олганига қарамай, истеъфога чиқишни рад этди. Қурманбек Бакиев ташқи кучларнинг Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдорлигини эълон қилди, лекин у қайси мамлакатни назарда тутганини аниқ кўрсатмади. БМТни Қирғизистонга тинчликпарвар кучларни киритишга чақирди.
2010 йилнинг 15 апрель куни Жалолободда мухолифат етакчилари ва Бакиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Мухолифат босими остида Қурманбек Бакиев хавфсизлик кафолати эвазига истеъфога чиқиш тўғрисидаги хатни имзолашга рози бўлди. Ўша куни у Қирғизистонни тарк этиб, Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига учиб кетди ва 16 апрель куни Қозоғистонда Қирғизистон Президентлигидан истеъфога чиқиш хатини имзолаши билан Муваққат Ҳукумат тўқнашув тугаганини эълон қилди.
Уч кун ўтиб. Қурманбек Бакиев Беларусга учди. Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Бакиев ва унинг оиласига сиёсий бошпана берди.
Таъкидлаш жоизки, Қирғизистоннинг ён қўшниси Ўзбекистон Биринчи Президенти, марҳум Ислом Каримов ушбу мамлакатдаги раҳбарият ўзгаришига олиб келган воқеаларга “Қирғизистоннинг ички иши”, деб муносабат билдирган ва қарама-қаршиликни тинч йўл билан ечишга чақирган.
LiveБарчаси