Қирғизистонда Жээнбековнинг истеъфоси таклиф қилиниши мумкин – ОАВ
Олам
−
06 Октябрь 2020
18510Қирғизистон мухолифатининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши Президент Сооронбай Жээнбековга ўз хоҳиши билан истеъфога чиқишни таклиф қилиши мумкин. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Мухолифат Мувофиқлаштирувчи Кенгаши воқеаларнинг бундай ривожланишини истисно этмайди. Бундан ташқари, кенгаш бугун, 6 октябрь куни ўтказилган фавқулодда йиғилиш пайтида мамлакат парламенти Жээнбековга импичмент эълон қилиш имкониятини кўриб чиқиши мумкин деб ҳисоблайди. Қонун чиқарувчи органнинг Матбуот хизмати, биринчи навбатда, кворум йиғиш кераклигини айтган.
ТАСС бераётган маълумотларга қараганда, Қирғизистон парламенти депутатлари қонун чиқарувчи органнинг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказиш учун кворумни тўплай олмаганлар.
"Учрашув жойига озгина депутатлар келишди, уларнинг сони йиғилиш ўтказиш учун етарли эмас", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 октябрь куни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатда содир бўлган тартибсизликлар ҳақида видеобаёнот берди. Унинг қайд этишича, давлат ҳокимиятини ноқонуний эгаллаб олишда сиёсий кучларнинг ҳаракати мавжуд. Давлат раҳбари сиёсий партиялар раҳбарларини ўз тарафдорларини тинчлантиришга ва уларни намойишлар ўтаётган жойлардан узоқлаштиришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24 фоиз), “Маконим Қирғизистон” (24 фоиз), “Қирғизистон” (8 фоиз) ва “Бутун Қирғизистон” (7 фоиз) партиялари.
Сайловнинг якуний натижаси 20 кун ичида эълон қилиниши керак эди. Аммо сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь куни эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Бугун, 6 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь