Қирғизистон парламентининг собиқ спикери ҳибсга олинди
Олам
−
17:00
2827Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари мамлакат парламентининг собиқ спикери Қанатбек Исаевни ҳибсга олди. Бу ҳақда “Economist.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, сиёсатчи уюшган жиноий гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган.
Қанатбек Исаевнинг адвокати Бақит Осмоналиев маҳаллий ОАВга берган баёнотида унинг ҳимоясидаги шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси яқин вақт ичида белгиланишини маълум қилган. Ҳозирча қўлга олиш қайси иш доирасида амалга оширилгани очиқланмаган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳам хабарга изоҳ бермаган.
Маълумот учун, Қанатбек Исаев 2020 йилнинг 13 октябрида Жогорку Кенеш спикери лавозимини эгаллаган. Қирғизистон Конституциясига кўра, президент Сооронбай Жээнбеков истеъфо берганидан кейин Исаев давлат раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида фаолият олиб бориши лозим бўлган. Аммо у президент ваколатларини қабул қилишдан бош тортиб, парламентдаги ишига эътибор қаратишини билдирган. Кейинчалик у президентлик сайловларида иштирок этишини эълон қилиб, спикер лавозимидан ҳам воз кечган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Социал-демократик партияси етакчиси Темирлан Султонбеков сайловчиларни сотиб олишга уриниш айби билан ҳибсга олинган эди.
LiveБарчаси