Қирғиз-тожик чегарасида яна ўқ узилди

Олам

image

Бугун, 17 сентябрь куни эрталаб тожик-қирғиз чегарасида яна ўқ овози эшитилди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара хизматининг (ЧХ) маълум қилишича, Тожикистон ҳарбийлари яна ўт очишни тўхтатиш режимини бузган.

Идора маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 8:50 да Тожикистон томони миномет билан Боткен туманининг Паски Ариқ аҳоли пунктига қарата ўқ уза бошлаган. Бу ҳол беш дақиқа давом этган.

МХДҚ ЧХнинг Боткен вилоятида жойлаштирилган шахсий таркиби юзага келган вазиятни барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Маҳаллий вақт билан бугун соат 9:00 да қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескин деб баҳоланяпти.

Аввалроқ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган икки давлат раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон учрашув ўтказиб, чегара масаласида келишиб олганди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ҳарбийлари Қирғизистон билан чегарадаги яна бир қанча ҳудудларни ўққа тута бошлади. Шундан сўнг, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари музокаралар ўтказди ва унинг давомида чегаранинг умумий участкасида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.

Маълумот учун, икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашган. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари чоршанба куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.

Чегарадаги отишмаларда ҳозиргача Қирғизистон томонидан 18 ҳарбий жароҳатлангани ва 15 ёшли қиз вафот этгани маълум. Тожикистон томонидан бир нафар чегарачи ҳалок бўлган, уч нафари яраланган.


Мақола муаллифи

Теглар

қирғиз-тожик чегараси

Баҳолаганлар

161

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг