Раҳмон Самарқандда Жапаров билан чегара масаласида келишиб олди

Олам 7148
image
-

Бугун, 16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнишиш учун Самарқандда бўлиб турган Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари чегарадаги вазият юзасидан юзма-юз музокара ўтказди.

Икки давлат раҳбарлари тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, қўшин ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олдилар.

Шунингдек, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси ишини жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон соат 16:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатишга келишганди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ҳарбийлари Қирғизистон билан чегарадаги яна бир қанча ҳудудларни ўққа тута бошлади. Шундан сўнг, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари музокаралар ўтказди ва унинг давомида чегаранинг умумий участкасида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.

Маълумот учун, икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашган. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари чоршанба куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.

Чегарадаги отишмаларда ҳозиргача Қирғизистон томонидан 18 ҳарбий жароҳатлангани ва 15 ёшли қиз вафот этгани маълум. Тожикистон томонидан бир нафар чегарачи ҳалок бўлган, уч нафари яраланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 101
Рейтинг: 3
t
×