“Қаттиқ очарчилик хавфи бор”. G7даги асосий мавзу айтилди 

Олам 9935
image

Украинадаги вазият туфайли юзага келган озиқ-овқат фалокатининг оқибатлари бугун аллақачон сезилмоқда. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок G7 ташқи ишлар вазирлари йиғилиши якунлари бўйича брифингда маълум қилди.  

“Гап бир неча ой ичида очарчилик бошланиши фалокатининг олдини олиш ҳақида кетмаяпти. Биз унинг таьсирини бугун ҳис қилмоқдамиз, чунки усиз ҳам (Украинадаги вазият) бизда барча одамларни таъминлашда ақл бовар қилмайдиган муаммолар бор”, деган вазир. 

Унинг қўшимча қилишича, муаммони ҳал қилишнинг энг яхши йўли Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш бўлади, унинг фикрича, бу дон бозори ва озиқ-овқат нархларидаги вазиятнинг нормаллашишини таъминлайди. 

Бундан ташқари, вазир Россия “дон уруши” олиб бораётганини даъво қилмоқда. 

“Мен ва бошқалар, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида қайғуряпмиз, бу G7 йиғилишида муҳим мавзу бўлди. Россиянинг ҳаракатлари туфайли таъминот пасайиб бормоқда, нархлар нафақат бу ерда, балки бутун дунёда осмонга кўтарилмоқда, қаттиқ очарчилик хавфи бор”, дейди дипломат.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 3.1
t
×