Қатар амирининг онаси UNESCO’даги лавозимидан воз кечди
Олам
−
16 Ноябрь 2023
9787Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO)нинг яхши ният элчиси лавозимидан кетишга қарор қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Шайха Моза бу қарорини кеча, 15 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган “Фаластин учун ягона юрак” биринчи хонимлар саммитида маълум қилган.
Унинг айтишича, Яқин Шарқдаги кескинлик шароитида UNESCO Ғазо секторидаги болаларни қутқариш ва уларга ёрдам бериш бўйича ўз вазифасини бажармаган.
Маълумот учун, Шайха Моза бинт Носир 2003 йилдан буён глобал таълимни қўллаб-қувватлашда БМТ билан ҳамкорлик қилиб келади. У UNESCO'нинг асосий ва олий таълим бўйича махсус вакили бўлиб, бир нечта лойиҳаларни, шу жумладан Ироқдаги халқаро олий таълим жамғармасини ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, Истанбулда бўлиб ўтган саммитда Сенегал Президенти Маки Санинг рафиқаси Мариеме Файе Салл, Малайзия қироличаси Тунку Азиза Аминаҳ Маймунаҳ Искандария, Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Конго Республикаси Президентининг рафиқаси Антуанетта Сассу-Нгессо, Бангладеш Президентининг рафиқаси Ребека Султона, Босния и Герцеговина Президентлик кенгашининг хорват аъзоси Желько Комшичнинг рафиқаси Сабина Комшич, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Май Микати, Шотландия минтақавий бош вазири Ҳамза Юсуфнинг рафиқаси Надия Ал-Накла, Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбенинг рафиқаси Омина Али Муҳаммад Ал-Шавуш Ал-Дилавий, Фаластин махсус вакили Фериал Камел Абдалраҳмон Салим, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид ан-Наҳённинг рафиқаси Шайха Алязиа бинт Саиф Ал Наҳаён, Миср режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳала Алсаид ва туркманистонлик дипломат Чинор Рустамова иштирок этди.
LiveБарчаси