Қатар АҚШдан 160 дан ортиқ самолёт сотиб олади

Олам

image

Бугун, 14 май куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан Доҳада бўлиб ўтган музокаралари чоғида 160 дан ортиқ самолёт сотувига оид шартнома имзоланди. Музокараларни Оқ уй жонли эфирга узатди.

Қайд этилишича, етакчилар музокаралар давомида Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш масаласини ҳам муҳокама қилган.

“Бу жуда қизиқарли учрашув бўлди ва бир неча соат давом этди. Биз тинчлик ҳақида гаплашдик. Россия ва Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилдик – бу борада Қатар муҳим роль ўйнамоқда. Эрон масаласига ҳам тўхталдик. У ерда вазият ҳануз мураккаб, аммо ҳаммаси аста-секин барқарорлашаётгандек туюлмоқда”, деди Трамп музокаралардан сўнг.

Ушбу муҳим келишувлар орасида энг йириги Boeing компаниясининг 160 дан ортиқ самолётини харид қилишга оид шартнома бўлди. Битим қиймати қарийб 200 миллиард долларни ташкил этади.

“Бу Boeing тарихидаги энг йирик буюртма”, дея таъкидлади Трамп.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Саудия Арабистонидаги расмий ташрифини якунлаб, Қатар мамлакатига ташриф буюрганди. Трампнинг кейинги манзиллари сифатида БАА (Бирлашган Араб Амирликлари) ва эҳтимолий тарзда Туркия кўрсатилган.

Саудия Арабистонида ташриф қандай ўтди?

Трамп кеча, 13 май куни Саудия Арабистонига етиб келиб, ядро қуролсизланиш, хавфсизлик ва технологик ҳамкорлик бўйича катта миқёсдаги келишувлар имзолаганди. Асосий эътибор қуйидаги йўналишларга қаратилган:

  • 142 миллиард долларлик қурол-яроғ савдоси бўйича шартнома тузилган;
  • Бу доирада Саудия Арабистонига энг замонавий ҳарбий техника ва хизматлар етказиб берилади;
  • Ҳамкорлик ҳаво ҳужумидан мудофаа, космик технологиялар, денгиз ва чегаралар хавфсизлиги, АКТ тизимларини қамраб олади;
  • Саудия ҳарбий кучлари салоҳиятини ошириш учун кенг кўламли тайёргарлик дастурлари ҳам назарда тутилган.

Сурия бўйича кескин бурилиш

Саудия Арабистонида бўлиб турган пайтда Трамп Сурияга қарши барча АҚШ санкцияларини бекор қилишини эълон қилди. Бу қарор ижтимоий ва дипломатик доираларда катта резонансга сабаб бўлди. Трамп, шунингдек, Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди ва уни Исроилни тан олиш ва Иброҳим келишувларига қўшилишга даъват этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Тамим бин Ҳамад Ол Соний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг