Дональд Трамп Саудия Арабистонига борди (видео)

Олам

image

Бугун, 13 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташриф буюрди. Бу ҳақда BFMTV хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 13 май куни Трамп Яқин Шарққа уч кунлик сафарини бошлади. Сафар доирасида у, шунингдек, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) ҳам боради. 

Ар-Риёдда Трамп Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчилари саммитида иштирок этади. “Al-Quds” газетасининг хабарига кўра, у ерда у Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, Ливан Президенти Жозеф Аун ва Сурия етакчиси Аҳмад аш-Шара билан учрашиши мумкин. Трампнинг қиролликка ташрифи муносабати билан Саудия-Америка бизнес конференцияси ҳам ташкил этилади.

“The Washington Post ”нинг ёзишича, Трамп мазкур сафар давомида фойдали савдо битимлари тузиш ва Форс кўрфазидаги бой мамлакатлардан АҚШ иқтисодиётига инвестициялар жалб қилишга эътибор қаратмоқчи. “Reuters” агентлигининг маълумотига кўра, Трамп Саудия Арабистонидан АҚШ иқтисодиётига 1 триллион долларлик инвестиция ваъдасини кутмоқда.

Кун тартибида минтақавий хавфсизлик масалалари, хусусан Ғазо секторидаги жанглар, Суриядаги вазият, АҚШ–Эрон муносабатлари каби мавзулар бўлсада, асосий урғу савдо-иқтисодий ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларига қаратилади. Сафар давомида Трамп Форс кўрфазини “Араб кўрфази” деб расмий равишда қайта номлаш режасини ҳам эълон қилмоқчи.

Ташриф давомида Трампга махсус вакил Стив Уиткофф ҳамроҳлик қилади. АҚШ Давлат котиби ва миллий хавфсизлик бўйича вақтинчалик маслаҳатчи Марко Рубио эса 14 майгача делегацияда бўлади, сўнг НАТО Ташқи ишлар вазирлари норасмий йиғилишида қатнашиш учун Анталияга йўл олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳақиқатдан ҳам энг юқори даражадаги учрашув ўтказиши мумкинлиги ва унга Трамп ташриф буюриши мумкилги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг