АҚШ Саудия билан 142 млрд долларлик қурол-яроғ битимини имзолади

Олам

image

Бугун, 13 май куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Саудия Арабистонига ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида 142 миллиард долларлик қурол-яроғ бўйича битим имзоланди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.

“Бу тарихдаги энг йирик қурол савдоси битимидир – қарийб 142 миллиард доллар миқдорида. У Саудия Арабистонига замонавий ҳарбий техника етказиб беришни, шунингдек, АҚШнинг ўндан ортиқ мудофаа компаниялари томонидан хизматлар кўрсатишни ўз ичига олади”, дейилади хабарда.

Телеканалга кўра, битим доирасида ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, қурол тизимларини хизмат кўрсатиш ва модернизация қилиш, ўқ-дорилар ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича ҳамкорлик кўзда тутилган.

“The Guardian” нашрининг аниқлик киритишича, бу битим Саудия Арабистонининг АҚШ иқтисодиётига 600 миллиард доллар миқдорида сармоя киритиш бўйича мажбуриятларининг бир қисми ҳисобланади. Дональд Трамп мамлакатга ташрифи чоғида Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Солмон билан стратегик иқтисодий ҳамкорлик бўйича битим имзолаган.

Шунингдек, томонлар энергетика, космик тадқиқотлар, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, технологиялар ва юқумли касалликларга қарши кураш соҳаларида ҳам келишувларга эришган. Жумладан, Саудияга 14,2 миллиард долларлик газ турбиналари ва бошқа энергетика хизматлари, 4,8 миллиард долларлик Boeing-737 йўловчи самолётларини етказиб бериш бўйича битимлар имзоланган.

“Al Arabiya”нинг қайд этишича, АҚШнинг Саудия Арабистонидаги тўғридан тўғри инвестициялари 2024 йилда 15,3 миллиард долларни ташкил этган. Худди шу йилда икки томонлама савдо ҳажми 32 миллиард долларга етган – бу маблағнинг 13 миллиард доллари АҚШга Саудия экспорти, 19 миллиард доллари эса АҚШдан импорт қилинган маҳсулотларга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп бугун, 13 май куни Саудия Арабистонига ташриф буюрганди. Трамп мазкур сафар давомида фойдали савдо битимлари тузиш ва Форс кўрфазидаги бой мамлакатлардан АҚШ иқтисодиётига инвестициялар жалб қилишга эътибор қаратиши айтилмоқда. Хусусан, АҚШ Президенти Саудия Арабистонидан ўз мамлакати иқтисодиётига 1 триллион долларлик инвестиция ваъдасини кутаётганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Саудия Арабистони қурол-яроғ битими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг